Uzbekistan Airways 24-Airbus A320neo ҳаво кемасини қабул қилди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Бугун, 8 май куни Uzbekistan Airways авиапарки яна бир Airbus A320neo ҳаво кемаси билан тўлдирилди. Анъанага кўра, авиалайнер Тошкент халқаро аэропортида сув аркаси билан кутиб олинди.
UK32029 рақами билан рўйхатга олинган Airbus A320neo Тайвандан етиб келди ва 170 ўринли икки тоифали классга эга: 8 бизнес-класс ва 162 эконом-класс ўриндиқлари. Бортнинг ўзига хос хусусияти – учувчилар кабинаси ойналари атрофидаги қора рамкадир. Ҳаво кемасини бўяш учун авиация саноатидаги энг яхши эмаллардан бири AKZO NOBLE BCC танланган. Ҳаво кемаси узоқ муддатли лизинг асосида етказиб берилди.
Етказиб келиш авиакомпаниянинг тажрибали учувчилари – парвоз отряди сардори ўринбосари Эвгений Нагай ва ҳаво кемаси сардори Фарҳод Латипов амалга оширди. Ҳаво кемасини қабул қилишда борткузатувчи-инструктор Динара Дадабоева ҳам иштирок этди. Авиалайнер тез яқин кунларда ўзининг биринчи йўловчиларини қабул қилиб, мунтазам ва чартер авиақатновларини амалга оширишни бошлайди.
«Uzbekistan Airways янги ҳаво кемалар олиш ва парвозлар географиясини кенгайтириш, республикага хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон фуқароларига дунё бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тузилган режаларини муваффақиятли амалга оширмоқда. Авиакомпаниянинг барча авиалайнерлари сифат, қулайлик, хавфсизлик бўйича замонавий талабларга жавоб беради, шунингдек, Uzbekistan Airways'ни халқаро майдондаги энг ишончли авиаташувчилардан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди», – дейди « Uzbekistan Airways» АЖ бошқаруви раиси Шухрат Шавкатович Худайкулов.
Airbus A320neo – машҳур Airbus A320 оиласининг тор фюзеляжли лайнерларининг янги авлоди. «neo» қисқартмаси «New Engine Option», яъни «янги двигатель танлови» деган маънони англатади, бу ёқилғи сарфини, фойдаланиш харажатларини ва карбонад ангидрид ишлаб чиқаришини камайтиради, шунингдек, парвоз масофаси ва юк кўтариш имкониятини оширади.
Бугунги кунда Airbus A320neo ҳаво кемаси дунёдаги энг яхши ўрта масофали авиалайнерлардан бири бўлиб, у энг юқори даражадаги хавфсизлик ва самарадорликни тақдим этади. Таъкидлаш жоизки, карбонад ангидрид чиқиндилари даражаси аввалги авлодга нисбатан 20% га камайган, бу эса ҳаво кемасини ўрта масофага парвоз қиладиган худди шундай авиалайнерларга нисбатан экологик тоза бўлишига олиб келади.
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг