Uzbekistan Airports ва Changi Airports International ўртасида Тошкент аэропортини ривожлантириш бўйича шартнома имзоланди
2023 йил 24 май куни Тошкент шаҳрида Сингапур Президенти Ҳалима Якубнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми доирасида «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева ва Changi Airports бош директори Юджин Ган ўртасида келишувлар бўлиб ўтди.
«Тошкент Европа ва Осиёни боғлай оладиган халқаро марказ сифатида улкан экспорт салоҳиятига эга. Аммо мавжуд аэропортнинг кўплаб чекловлари бор, чунки пойтахтнинг ривожланиши билан у деярли шаҳар марказида бўлиб қолди. Йўловчилар оқимини таҳлил қилиб, биз ўсиш жараёни жуда тез деган хулосага келмоқдамиз. Бугунги кунда, тиғиз соатларда терминаллар йўловчиларни деярли сиғдира олмай қолмоқда ва самолётлар учун тўхташ жойлари ҳам етарли эмас. Шу боис янги аэропорт қуриш масаласи устида ишлаяпмиз. Маслаҳатчилар сифатида биз дунёдаги энг илғор аэропорт – «Changi Airports International»ни таклиф қилдик. Уларнинг вазифаси халқаро хаб яратиш ва янги ҳаво бандаргоҳини қуришда энг замонавий аэропорт технологияларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқишда бизга ёрдам беришдан иборат. Шу билан бирга, CAI вакиллари бир вақтнинг ўзида мавжуд аэропорт фаолиятини авиация ва ноавиацион фаолият нуқтаи назаридан оптималлаштириш бўйича консалтинг билан шуғулланади», — деди «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
2022 йилда мамлакат бош ҳаво бандаргоҳида йўловчи оқими 5 миллион йўловчини ташкил этиб, пандемиядан олдинги даврдан ҳам ошиб кетди. Жорий йилда Uzbekistan Airports таҳлилчиларига кўра, 8 миллионга яқин йўловчи кутилмоқда. Битим имзолангандан сўнг томонлар тез орада икки йўналиш бўйича иш бошлайдилар: мавжуд аэропорт фаолиятини оптималлаштириш, жумладан, йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш ва йўловчилар оқимини ошириш, шунингдек, янги Тошкент аэропорти лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш.
«Changi Airports International компанияси Uzbekistan Airports билан ҳамкорлик қилишдан мамнун. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган бизнес ва туризм салоҳиятига эга мамлакатлардан биридир. Биз мавжуд Тошкент аэропортининг сиғими, иш стандартлари ва молиявий кўрсаткичларини оптималлаштириш, шунингдек, янги аэропортни ривожлантириш режаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида аэропортни ривожлантириш ва бошқариш бўйича тажрибамиз билан ўртоқлашишни интиқлик билан кутмоқдамиз», — деди Changi Airports бош директори Юджин Ган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг