Устозни эъзозламоқ — миллатни эъзозламоқдир

Ҳар қандай тараққиёт илдизи илмда, маърифатда ва тарбияда мужассам бўлади. Юксак тафаккурли, ватанпарвар, билимдон ва ахлоқли авлодни шакллантириш давлатнинг эртанги кунини кафолатлайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Бу масъулият эса, аввало, фидойи устозлар ва мураббийлар зиммасига юкланган.
Юртимизда таълим соҳаси, хусусан, ўқитувчи ва мураббийларга қаратилаётган давлат даражасидаги эътиборнинг моҳиятида мамлакат тараққиётини ва жамият маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятни оширишга қаратилган улкан саъй-ҳаракатлар ётгани барчамизга аён. Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва амалий қўллаб-қувватлаши туфайли бугун устозлик фахрли, масъулиятли ва шарафли касб сифатида янада юксак мақом касб этмоқда.
Янги авлод — янги давр соҳиблари
Бунинг ёрқин мисоли сифатида Президентимизнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташрифи ва у ерда ўқитувчи ҳамда мураббийлар билан бўлиб ўтган очиқ, мазмунли учрашувини келтириш мумкин.
Ушбу учрашув нафaқат расмий тадбир, балки таълим тизимига бўлган юксак эътибор, устоз шахсига нисбатан чуқур ҳурмат ва эътирофнинг амалий ифодаси бўлди. Президентимиз соҳанинг илғор ва фидойи мутахассисларини давлат мукофотлари билан тақдирлар экан, бу орқали соҳанинг барча вакилларига юксак ҳурматини изҳор қилди. Тарихий учрашувда таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Бу эса соҳа нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.
Самимий мулоқот давомида давлат раҳбари мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим томонларидан бири — мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айтиш жоизки, ислоҳотларнинг илк босқичидаёқ бу тизимга оид жиддий ишлар амалга оширила бошланди. Боғчадаги тарбиячиларнинг маоши мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилиши бу соҳа ходимларига бўлган ижтимоий ҳимоя кучайтирилганлигидан далолат беради.
Президентимиз томонидан ташкил этилаётган ҳар бир вилоятдаги “Янги авлод” боғчалари таълим соҳасида янги даврнинг бошланиши, илғор педагогик технологияларни жорий этиш ва тарбиячиларни замонавий билимлар билан бойитиш учун беқиёс имкониятдир. Ҳақиқатан ҳам, Президент мактаблари қандай катта натижаларга эришса, “Янги авлод” боғчалари ҳам сифатли ўзгаришларнинг асосий омили бўлиши учун барча имконият мавжуд.
Чуқур ва стратегик ёндашув
Тарихий учрашувда давлатимиз раҳбари таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янада чуқурлаштирилишига қаратилган муҳим янгиликларни ҳам эълон қилди.
Жумладан, шулардан бири — янги ўқув йилидан бошлаб 9 ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонларининг жорий этилишидир. Бу тизим ўқувчиларни қобилиятига қараб касб ёки олий таълимга йўналтиришни таъминлайди. Яъни ҳар бир ёш ўз салоҳиятига мос равишда билим олиши учун кенг имкониятга эга бўлади.
Шу билан бирга, мактабдаги якуний имтиҳон натижаларига қараб ёшларга олийгоҳга кириш учун фанлар танлови асосида чуқурлаштирилган таълим олиш имконияти яратилади. Бу, ўз навбатида, фанларга бўлган қизиқишни ошириш ва малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади. Ушбу ташаббус тизимдаги ислоҳотларни янада замонавийлаштириш, ёшларимизнинг билим ва касб танлаш эркинлигини таъминлашда муҳим омил бўлиши, шубҳасиз. Бу фақатгина янги тизимларни жорий қилиш эмас, балки халқимиз келажагини барпо этишга қаратилган чуқур ва стратегик ёндашувдир.
Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиёти тез суръатларда ўзгармоқда, инновациялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига кириб келмоқда. Шундай шароитда ёшларимизнинг ана шу ривожланиш билан ҳамнафас бўлиши, уларнинг етакчисига айланиши давлат сиёсатининг энг муҳим мақсадларидан биридир. Шу боис давлатимиз раҳбари таълим тизимини такомиллаштириш, ўқувчиларга касбий йўналишларни тўғри танлаш имкониятини бериш, уларни янги касблар ва фанлар билан таништириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз илгари сурган ушбу янгиликлар, албатта, мамлакатимиз касбий таълим тизимида сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўйилганини англатади. Айниқса, яқин бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия каби ривожланган давлатларнинг энг илғор дастурлари жорий этилиши нафақат касбий таълим сифатини оширади, балки ёшларимизнинг халқаро майдонда рақобатбардош мутахассисларга айланишига замин яратади.
Бундан ташқари, саноат соҳасида 45 млрд. долларлик 456 та йирик лойиҳанинг бошланиши мамлакатимиз иқтисодиётидаги жадал ривожланишни кўрсатади. “Инвестор — тармоқ — техникум” занжири орқали дуал таълим тизимининг жорий қилиниши эса назарий билим ва амалий кўникмаларни мукаммал уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари бу янгиланишлар ёш авлодга кенг имкониятлар йўлини очишини, уларни жаҳон майдонида рақобатбардош кадрлар қилиб тайёрлашини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир ёш ўз қобилияти ва истакларига мос равишда касб танлаш орқали нафақат ўзини ривожлантириши, балки мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши мумкин. Ёшларнинг касбий билим ва малакалари уларнинг ҳаётида фаровонликка олиб келади, оилалар иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамланади, маҳаллаларда ижтимоий мувозанат сақланади. Шу билан бирга, бу ташаббус миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши учун замин яратади.
Давлатимиз раҳбари учрашувда олий таълим тизимига оид фикрлари билан ҳам ўртоқлашди. Сўнгги саккиз йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тага кўпайиб, талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етгани соҳадаги тизимли ислоҳотларнинг яққол исботи эканлиги айтилди. Таъкидланганидек, профессор-ўқитувчилар маошининг салмоқли даражада оширилиши олийгоҳлар тизимидаги ижодий ва илмий салоҳиятни янада рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Бу қадам нафақат билим сифати ва педагогларнинг касбий масъулиятини оширади, балки ёшларни илмий фаолиятга қизиқтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айни чоғда бундай давлат сиёсати олийгоҳлардаги ўқув жараёнининг сифатли ва самарали бўлиши, талабаларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда таълим ва илмий ривожланишнинг мустаҳкам уйғунлиги орқали янги Ўзбекистон барпо этилиши мамнуният билан айтилди. Айниқса, “ToshTech”, Бауман университети филиали ва Олмалиқ давлат техника институтининг очилиши, шунингдек, Хоразмда Ал-Хоразмий университетига тамал тоши қўйилиши бу йўналишдаги янги босқичнинг бошланиши экани эътироф қилинди.
Давлат раҳбари мамлакатимиздаги улкан минерал ресурслар салоҳиятига алоҳида тўхталди. Ер ости бойликлари, шу жумладан, нефть-газ қидирув ишларининг чуқурлаштирилиши ва янги захиралар кашф этилиши саноат ривожида кенг имкониятлар очмоқда. Айниқса, “Тўртинчи саноат инқилоби” даврида теллур, литий, селен, графит, молибден каби технологик минералларга талаб жадал ошиб бормоқда ва бу ресурсларни оддий хомашё сифатида эмас, инновацион маҳсулотга айлантириш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланганига алоҳида эътибор қаратилди. Шу жиҳатдан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ушбу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга энг аввало илм, билим ва инновация керак”.
Аниқ ва қатъий қадам
Бугунги глобал технологик пойгада Ўзбекистоннинг рақобатбардош бўлиши — фақатгина илм-фанни ўзлаштирган, замонавий тафаккур ва касбий салоҳиятга эга кадрлар орқали таъминланади. Бу эса таълимнинг барча бўғинларида — мактабдан то техникум ва олийгоҳгача кучли ислоҳотлар ҳамда аниқ мақсадли ёндашувларни талаб этади.
Шу боис давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тараққиётининг пойдеворини яратаётган фидойи устоз ва мураббийларга катта ишонч билдириб, “Бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш деган бағоят улуғ ва шарафли ишни бошлаган эканмиз, энг аввало, сиз — азиз устозлар ҳамда истеъдодли шогирдларингизга таянамиз. Ишончим комил, сизлар билан бирга чин дилдан ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт мўъжизасини албатта ярата оламиз. Олдимизга қўйган юксак марраларга сизлар билан, эл-юртимиз билан бирга албатта етамиз!” дея таъкидлади.
Президентимиз томонидан таълим соҳаси ва унда фаолият юритаётган фидойи устоз ҳамда мураббийларга нисбатан билдирилган юксак эҳтиром, эътироф ва ишонч бугунги кунда янги Ўзбекистонда олиб борилаётган маънавий тараққиёт сиёсатининг ёрқин ифодасидир. Бундай юксак эътибор ва ишонч, шубҳасиз, ҳар бир устоз ва мураббийни янада масъулият билан, янада сидқидилдан меҳнат қилишга, ёш авлодни билимли, ватанпарвар ҳамда ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялашга руҳлантиради.
Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳаси ходимларига, устоз ва мураббийларга кўрсатаётган эътибори — бу фақат бир соҳани эмас, балки бутун миллат келажагини қўллаб-қувватлаш, маърифат ҳамда тараққиёт йўлида аниқ ва қатъий қадамлар қўйилаётганининг ёрқин намунасидир.
Баҳодир МАЪМУРОВ,
Бухоро давлат педагогика институти ректори,
халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг