Урганчда немис рассомлари асарлари кўргазмаси очилди

09:41 09 Февраль 2026 Жамият
124 0

Урганч шаҳридаги Ўзбекистон замонавий санъат музейида таниқли немис рассоми Паула Модерзон-Беккер ҳамда Ворпсведе ижодий мактаби вакилларининг асарлари намойиш этилмоқда. Кўргазма доирасида 1895–1906 йилларга мансуб ноёб қаламтасвирлар ва график ишланмалар санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинди.

Мазкур асарлар Германияда санъат модернизми шаклланаётган даврда юзага келган Ворпсведе рассомлар жамоасининг эстетик қарашлари, бадиий тафаккури ва ижодий изланишларини ёрқин ифода этади.

— Ушбу кўргазмани Ўзбекистонга олиб келиш биз учун катта шараф, — дейди немис рассоми Барбара Анна Бернсмейер. — Юртингизга илк бор ташриф буюрганман. Ўзбекистонликларнинг санъатга бўлган юксак қизиқиши ва эътибори мени самимий қувонтирди. Ижодий сафаримиз давомида музей мутахассислари ва маҳаллий рассомлар билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, намойиш этилаётган санъат асарлари илгари Франция, Швейцария, Венгрия, Польша ва бошқа қатор давлатларнинг нуфузли музейларида кўргазма қилинган. Кўргазма жорий йилнинг 2 март санасига қадар давом этади.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?