UNESCO билан олий ва касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

10:07 20 Март 2023 Сиёсат
938 0

Фото: «Халқ сўзи»

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов UNESCOнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади билан учрашди. Мулоқот аввалида Сара хоним И.Абдураҳмоновни табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлари учун UNESCO – Экваториал Гвинея халқаро мукофоти билан табриклади.

Сара Ношади вазирни UNESCOнинг олий таълим соҳасидаги фаолияти ва соҳадаги малакаларни тан олиш тўғрисидаги Осиё-Тинч океани минтақавий конвенцияси ҳамда Токио конвенцияси доирасидаги ратификация жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берди.

И.Абдураҳмонов 64 та лицейда STEM таълим тизимини жорий қилиш ва такомиллаштиришга қизиқиш билдирди. Мазкур лицейлар ҳудудларда бунёдкорлик ва инновациялар маркази бўлиб хизмат қилиб, 3D-принтерлар, смарт автобуслар каби замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Вазир UNESCOнинг бу борадаги катта тажрибасини таъкидлаб, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Хусусий олий ўқув юртларида таълим сифатини таъминлаш масаласини муҳокама қилиш чоғида Ўзбекистон томони нодавлат олий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш бўйича тузилма экспертизаси ва тавсияларига қизиқиш билдирди.

Томонлар, шунингдек, UNESCO шафелигидаги Олий таълимда инновациялар халқаро маркази делегациясининг жорий йил 28 май – 6 июнь кунлари Ўзбекистонга ташрифини муҳокама қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?