Умидли ёшларимиз Буюк Британиянинг энг нуфузли мукофоти билан тақдирланди

Фото: “Эл-юрт умиди” жамғармаси матбуот хизмати
Буюк Британияда таълим олган битирувчиларга бериладиган нуфузли мукофотлардан бири, бу — “UK Study Alumni Award”. Ушбу мукофот ўз соҳасида катта ютуқларга эришган ва жамиятга ижобий таъсир кўрсатган инсонларни эътироф этади. Мазкур соврин бутун дунё бўйлаб минглаб номзодлар орасидан энг илғор битирувчиларни аниқлайди. Унинг тоифаларига бизнес ва инновациялар, маданият ва ижодкорлик, фан ва барқарорлик, ижтимоий фаолият киради.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатлари Сирожиддин Олимов (“Edinburg” университети магистратура босқичи битирувчиси) ва Орзигул Ғойибова (“Bristol” университети магистратура босқичи битирувчиси) Буюк Британиянинг нуфузли “Study Alumni Award — 2024” мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилганидек, Сирожиддин Олимов республикамиз ёшлари орасида машҳур бўлиб улгурган “Мутолаа” лойиҳаси учун тақдирланди. “Мутолаа” — Ёшлар ишлари агентлигининг китобхонликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаси бўлиб, мазкур лойиҳадан фойдаланувчилар сони ҳозирга қадар қарийб 1,5 миллион нафарга етди. Лойиҳа Youtube ижтимоий тармоғида видео шаклида, аудио китоблар шаклида ҳамда илова шаклида “Google Play” ҳамда “App store” платформаларига жойланмоқда. Лойиҳадан ҳозирги пайтда 1,5 миллион фойдаланувчи фойдаланади. 4 мингга яқин китобнинг электрон ва аудио шакллари жойланган.
Орзигул Ғойибова эса ёшларни дунёнинг энг етакчи олийгоҳларига кириши ва грантлар ютишига кўмаклашадиган “ТОП 100” ҳамда республикамиздаги хотин-қизлар орасида таълимни ривожлантиришга қаратилган “PORLA” ижтимоий лойиҳалари учун тақдирланди.
“ТОП 100” лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан иқтидорли ёшлар саралаб олиниб, улар учун 1 ҳафталик бепул ёзги оромгоҳлар ташкиллаштирилади ва ўқишга кириш бўйича маҳорат дарслари олиб борилади.
Ҳозирда лойиҳа учун “ТopCoach” платформаси яратилмоқда. Бу онлайн менторлик платформаси бўлиб, топ университет талабалари Ўзбекистондаги қизиққан ёшларга тўғридан-тўғри дарслар ўтади. Бу эса чекка ҳудудлардаги ёшларга ҳам нуфузли университетларга кириш имкониятини яратади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ушбу стипендиатларга ўз лойиҳаларини янада ривожлантириш учун моддий рағбат бериш ҳам кўзда тутилганини қайд этган.
Дарвоқе, Сирожиддин Олимов ва Орзигул Ғойибова бугунги кунда Ёшлар ишлари агентлигида фаолият олиб бораётир ҳамда юртимиз ёшлари учун манфаатли бўлган лойиҳаларга координаторлик қилиб келмоқда.
Шоҳсанам ЙЎЛДОШЕВА,
ЎзДЖТУ талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг