Улуғбек маҳалласидаги йўл муаммосига ечим йўқми?

15:16 17 Март 2025 Жамият
115 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Олис қишлоқдаги йўллар асфальтлаштирилмоқда. Аммо, шунга яраша йўл инфратузилмаси барча ҳудудда ҳам талабга мувофиқ эмаслиги маҳалла ва қишлоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Нишон тумани марказига ёндош ҳудудда жойлашган Улуғбек маҳалласидаги «Оби ҳаёт», «Нурли келажак», «Комил Ёрматов» кўчаларида яшовчи оилалар қишда лой, ёзда тупроқ кўпчийдиган ички йўлларнинг ҳолатидан норози.

— Озгина ёғингарчилик бўлса, йўлимиздан юриб бўлмайди, — дейди шу маҳаллалик Музаффар Раҳматуллаев. — Биз катталарку амаллаймиз, лекин болаларга қийин. Ҳозир иккита фарзандим мактабга қатнайди. Ёғингарчилик бўлса, иложсиз уйда қолишади. Бир, икки йил бўлса чидаш мумкин, лекин доимий шу аҳволда яшаш осон эмасда! Бизнинг фарзандларимиз ҳам текис, равон йўллардан юриб мактабга, боғчага қатнашга ҳақлику.

Суҳбатдошимизнинг эътирозида жон бор. Биз маҳалла ичидаги йўллардан машинада анча қийналиб ўтдик. Энди бу ердан пиёда юриб ўтишни тасаввур қилаверинг.

— Шу муаммога ечим излаб, кўп масъул ташкилотларга мурожаат қилдик. Лекин фойдаси бўлмади, — дейди маҳалла фаоли Тўйчи Одилов. – Йўлнинг қайсидир қисмига қўлдан келганча ўзимиз тош-шағал тўкканмиз, аммо ҳамма жойга тўкишга имконимиз йўқ. Аввалроқ йўлнинг бир қисмини «Опен бюджет» лойиҳасига ҳам қўйиб, овоз йиғишга ҳаракат қилиб кўрдик. Афсус, ютолмадик. Чунки бизда аҳоли кам, ҳамма овоз бергани билан 300-400 та овоздан ошмайди. Ўн минг, ўн беш минглаб овоз йиғаётган бошқа маҳаллалар билан рақобатлаша олмаймиз.

Хўш, маҳалла аҳлини йиллар давомида қийнаб келаётган бу муаммога ечим борми? Бу ердаги йўллар қачон равон бўлади?

— Ички йўлларнинг таъмирланиши учун фақат «Опен бюджет»да қатнашиб, ғолиб бўлган лойиҳаларгагина маблағ ажратилади, — дейди туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими бош мутахассиси Зоҳид Маматов. — Бошқа йўл билан бу муаммога ечим топиш имконсиз.

Бундан келиб чиқадики, Улуғбек маҳалласидаги ички йўллар муаммоси ҳали узоқ давом этади. Маҳалла аҳли «Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан, бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак» деган тамойилнинг бу ерларга ҳам тезроқ етиб келишидан умидвор бўлиб яшамоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер