Улуғ шоир жасорати

9 февраль — Алишер Навоий таваллуд топган кун
Алишер Навоий — ўзидан улкан мерос қолдирган, бадиий сўз санъатини энг юксак чўққиларга олиб чиққан буюк санъаткор. Бундан олти аср нарида яшаб ўтган бўлсада, бугун ҳам инсониятни қийнаётган муаммоларга унинг асарларидан жавоб топамиз. Шоир мероси тенгсиз уммон каби ўзига тортаверади, уни ўқиб, уққан сайин бу буюк мероснинг янгидан-янги қирраларини кашф этаверамиз.
1
Улуғ бобомиз асарлари бу, биринчи навбатда, адабий жанрлар такомилидир. Устоз адабиётшунослар Алишер Навоий шеърий мероси 16 хил жанрда эканини урғулайди. Ғазал, рубоий ва бошқа шеърий жанрлар шоир ижодида бутунлай такомилга етган. Мақсуд Шайхзода уни бежиз «Ғазал мулкининг султони», деб атамаган.
Алишер Навоий тарих саҳнасида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Унинг феномени, шубҳасиз, тамаддунлар ўлкаси — юртимизда кечган юксалишлар, темурийлар салтанатининг, туркий тамаддуннинг дунёга берган буюк неъмати, таъбир жоиз бўлса, «олтин тожи»дир.
Мутафаккир ўз халқига, унинг тарихи ва маданиятига муҳаббатини тил орқали, шу тилда яратилган юксак бадиият намуналари орқали намоён этди. Форсий тилда ашъор битиш урф бўлиб турган бир пайтда туркий тилнинг латофатини намойиш эта олган тенгсиз асарлар яратди.
Алишер Навоий даврида салтанатда тарқоқлик бошланган, Амир Темур юксакка кўтарган маёқлар кундан-кун сўниб борарди. Улуғ шоир бу тарқоқлик ва бошбошдоқлик сабаби маърифатсизлик, илмдан узоқлашиш эканини яхши илғаган.
Тил, адабиёт — маърифатгина инсонни жаҳолатдан қутқара олади. Тил шунчаки маърифат бешигигина эмас, балки миллий ғурур ялови ҳамдир. Миллатнинг ғурурини қайтариш, уни қайта тарбиялаш учун, албатта, ғурурни тарбияловчи восита керак эди.
Тил миллатнинг мавжудлигигина эмас, унинг руҳи, қаноти ва ғурури ҳамдир. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий миллат ғурурини она тил, унинг гўзал ва бетакрор ифодаси бўлмиш бадиий, илмий, тарихий асарлари билан юксакликка кўтарди. Замондоши Ҳусайн Бойқаронинг сўзи билан айтганда: «Турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ каби руҳ киритди».
2
Алишер Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»ни ёзиш учун жуда пухта тайёргарлик кўрган. Асар тилнинг инсоният тафаккурида тутган ўрнига берилган баҳо билан бошланади: «Инсонни нутқ ва тил шарафи билан бошқа махлуқотдан ажратиб қўйган, унинг тили ва нутқининг гўзаллигини намоён қилган, инсонни (ўзининг) берган неъматларига шукр қиладиган қилиб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин». Шоир ўзининг бу фикрларини шеърга кўчириб:
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Ки гуҳари шарифроқ йўқ ондин,
шаклида ифодалаган. Аслида, миллат тарихи, инсоният тарихи — бу тил тарихи деганидир. Бирор миллатнинг тарихда қолиши унинг тили тараққиёти, миллат онгининг ривожи тили такомили билан боғлиқ. Ижодкор бу ерда сўздан сўзнинг фарқлилигини, тил ва тафаккурнинг чамбарчаслигини, комиллик маъно нутқининг эгасига боғлиқ эканини қатъий урғулайди: Яхши сўздан ўлган баданга тоза руҳ етади.
Алишер Навоий фикрича, сўздан мурод инсондир, инсон маъно нутқининг эгаси. Яъни инсонгина сўзга маъно либоси кийдира олади.
Гарчанд туркий тилда Навоийгача ҳам асарлар битилган бўлсада, бироқ бу яхлит маданият даражасига кўтарилмади. Шоир таъбири билан айтганда, туркий тил жамиятда тўла ўз ўрнига эга бўлмасдан, «турканароқ» бўлиб қолганди. Давлат юритиш тартиби, ясолар туркча эсада, ҳали-ҳануз ёзув тили, сиёсат тилини туркча деб бўлмасди. Туркий тилда яратилган айрим асарларни истисно қилганда, улар Алишер Навоий кутган даражада эмасди.
«...Султон Соҳибқирон Темур Кўрагон замонидан хуш ахлоқ фарзанди Шоҳруҳ Султон замонининг охиригача турк тилида ижод этувчи шоирлар пайдо бўлди... лекин ижод бобида тилга олинган форсий шоирларга тенг келадиган ёлғиз Лутфийдан бошқа киши пайдо бўлмади...». Алишер Навоий наздида шерга ҳамла қилиш учун шер бўлиш, она тилнинг жозибасини кўрсатиш учун урф бўлган тилда яратилган асарларданда гўзалроқ, мукаммалроқ асар яратиш зарур эди.
Бу манманлик ёхуд кибр эмас. Алишер Навоий айни шу асарида ўзини «тупроқ», «фақир», «сўз аҳли хирмонининг бошоқчиси», «сўз хазинасининг пойлоқчиси» деб атайди. Ўзининг девонлари, «Хамса»си, бошқа адабий асарлари билан Абдураҳмон Жомийдек устозининг эътирофига сазовор бўлган, довруғи «Хитодан то Хуросон»га етган бир пайтда ўзини нақадар камтар тутганини кўрамиз.
Шоир ўзини қанчалик хокисор тутмасин, ўзига ва она тилига қатъий ишонч унинг ҳар бир асари ва сатрида сезилиб туради. Шу туфайли ҳам бутун бошли адабий жанрларни ислоҳ қилади. Фақат жанрларни эмас, онгни, тафаккурни янгилади. Бу улуғ ишда ҳали ҳам давом этяпти. Ўзига ишонгани учун ҳам салафлари ўттиз йилда битган шоҳ асарларни, «Хамса»дек дурдонани агар Яратган қувват берса, ўттиз ойда ёза олишини урғулайди:
Ани дерга бўлса қачон рағбатим,
Эрур онча Ҳақ лутфидин қувватим.
Ки, ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,
Битигаймен ўттуз йилин ўттуз ой.
Бу ижодкорнинг ҳам ўзига, ҳам она тилининг имкониятига беқиёс ишончидир. «Агар доно ҳакам тўғрилик билан кўз солиб, бурунги форсий ва сўнгги туркийнинг гўзаллик ва нозикликларидан баҳра олиб, ҳар бирининг баҳоси ва даражасини аниқлаган вақтида, умидим шундай ва хаёлимга бундай келурки, сўзимнинг мартабаси юқори даражадан қуйиға тушмас ва бу тизмаларим юлдузлари энг олий даражадан ўзга ерни эгалламас», дея қатъият кўрсатишида Алишер Навоийга хос буюк жасорат намоён бўлади.
«Туркий тилнинг тўлиқлиги шунча далиллар билан исбот қилингач, бу халқ орасидан пайдо бўлган истеъдодли кишилар қобилият ва истеъдодларни ўз тиллари туриб бошқа тил билан юзага чиқармасликлари ва ишга солмасликлари керак эди. Агар икки тилда айтишга қобилиятлилари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ва яна бир тилда озроқ айтсалар бўлар эди».
Буюк аждодимиз туркий тилнинг жозибадорлигини, унда ажойиб сўз ва иборалар кўплигини, бироқ гўзал тарзда, жозибали сатрларда кўрсата олишнинг қийинлиги, шу сабабли ижод оламига энди кириб келган ижодкорлар бу каби мушкулликлардан малолланиб осон йўлни танлашини куюниб қайд этади.
Муаллиф ўзининг «Ғаройиб ус-сиғар», «Наводир уш-шабоб», «Бадое ул-васат», «Фавоид ул-кибар» асарлари қай тахлит, қай мақсадда юзага келганини баён қилиб, «Хамса»нинг яралишига тўхталади:
«Бу тўрт девон овозасин чун рубъи маскунга еткурупмен, «Хамса» панжасига панжа урупмен. Аввалким, «Ҳайрат ул-аброр» боғида табъим гуллар очибдур, Шайх Низомий руҳи «Махзан ул-асрор»идин бошимга дурлар сочибдур.
Яна чун «Фарҳод ва Ширин» шабистонига хаёлим юз тутубдур. Мир Хусрав дами «Ширин ва Хусрав» ўтидин чароғимни ёрутубдур. Яна чун «Лайли ва Мажнун» водисида ишқим пўя уруб, Хожу ҳиммати «Гавҳарнома»сида нисоримга гавҳарлар еткуруптур. Яна чун «Сабъаи Сайёра» расадин замирим боғлабдур, Ашраф «Ҳафт пайкар»ининг етти ҳурвашин пешкашимга яроғлабдур. Яна чун «Садди Искандарий» асосин хотирим муҳандиси солибдур, Ҳазрати Махдум «Хираднома»сидин кўси ислоҳ ва имдод чолибдур». Бу асарларни ўз тилида битганидан, она тилининг имкониятларини оламга танитганидан чексиз ғурур туяди.
3
Туркий тилнинг нафосатини кўрсатиш учун араб, форс тилларини яхши билиши шарт эди. Араб ва форс тилларини яхши билгани, ўз она тилига юксак муҳаббати бўлгани учун ҳам Алишер Навоий ҳужжат тили, сиёсат тили, назм тили форсча бўлиб турган бир пайтда катта бир жасорат билан турк тилини байроқ қилиб кўтарди. Ўзининг таъбири билан айтганда, туркий тилда асарлар яратиб, туркий мамлакатларни бирлаштирди — якқалам айлади. Шунинг учун ҳам улуғ алломанинг жасорати ўз она тилига муҳаббати ва уни юксакларга кўтаргани билан белгиланади.
Алишер Навоийнинг ҳар бир асари жасорат тимсолидир. Унинг шеърияти ҳам, «Хамса»си, илмий, тарихий асарлари ҳам юксак бадиий тафаккур намунасидир. Буюк аждодимиз асарлари унинг меросини ўрганиш учунгина эмас, балки ўша давр адабий муҳити, миллат бадиий тафаккур тарихини ўрганишда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Алишер Навоий ойнаи жаҳонни ўз асарларида «Жамшиди жом» деб атаган. Ёхуд бўлмасам, «Фарҳод ва Ширин»да Фарҳоднинг ўз сафари давомида темир одам — роботга дуч келиши орадан неча асрлар ўтиб яратилган роботларни, «Сабъаи сайёр»даги ўзи юрар тахтлар кейинчалик кашф этилган автомобилларни ёдимизга солади.
Фольклорга хос анъаналар шоирнинг «Хамса» достонидаги «Сабъаи сайёр», «Фарҳод ва Ширин» достонларида янада яққолроқ намоён бўлади.
«Сабъаи сайёр»да етти рақамига ва рангларга алоҳида урғу берилади: етти сайёра, етти кун, етти қаср, етти йўловчи, етти ҳикоя ва ҳоказо. Алишер Навоий асарларидаги рақамлар, ранглар, мифологик образлар талқинида биз халқ ижодига хос хусусиятларни кўрамиз.
Бундан неча минг йиллар олдин аждодларимиз коинот, келажак ҳақидаги орзуларини эртаклар, достонлар орқали ифодалаган. Эртак ва достонларимиздаги учар гиламлар, дунёнинг нариги бурчагидаги воқеаларни акс эттирадиган ойнаи жаҳон, олти ойлик йўлга бир зумда етиб борадиган сеҳрли қуш ҳақидаги тасаввурлари шунчаки хаёл бўлмаган. Бунинг ўз даври учун қанчалик аҳамиятли, бугунги тилда айтадиган бўлсак, инновацион ғоя бўлганини Навоий асарларини ўқиб, англаб етишимиз мумкин.
«Фарҳод ва Ширин»даги Ҳоқон, Фарҳод, Суқрот каби образларни биз халқ достонларидаги образларга қиёсласак, ажиб бир уйғунлик кўрамиз. Бундан ташқари, Алишер Навоий асари асосида бахшиларимиз «Фарҳод ва Ширин» номидаги достонларни куйлашган. Хусусан, Фозил Йўлдош ўғлининг «Фарҳод ва Ширин» достони Алишер Навоий таъсирида юзага келган, халқ оғзаки ижоди қонунияти асосида яратилган достон ҳисобланади.
4
Ислом маданияти, фалсафасисиз Алишер Навоийни англаш мумкин эмас. Бироқ мутафаккир бобомиз мероси шу билан чегараланмайди. Шоир исломий эътиқодга суянган ҳолда ўзигача бўлган жами адабий ва фалсафий қарашларни синтез қила олган, инсон фитрати билан боғлиқ қарашлар чексизлигини, унинг илдизлари инсоният пайдо бўлган давр, қадим тушунчалар ва тасаввурлар билан чамбарчас боғлиқлигини исботлаб бера олган.
Алишер Навоий қарашлари тасаввуф оламида тамомила янгича бир қараш, унинг янги бир босқичи, янги бир юксалишидир. Шубҳасиз, тасаввуф борасида улуғ шоир ўз салафларидан жуда илгарилаб кетди. Она тилининг имкониятлари орқали тасаввуфий тушунчаларни, рамз, тимсол, метафоралар, тасаввуф фалсафаси сарҳадларини янада кенгайтирди.
Шоир туркий тафаккур эврилишларини энг ёрқин, энг кўркам рангларда тасвирлаб, юксак пардаларда куйлади. Туркий халқлар бадиий тафаккурини умуминсоний бадиий тафаккурига айлантира олди.
«Хамса» шунчаки бешта достон эмас. Бу достонларнинг ҳар бири пухта ўйланган, ҳар бири яхлит бир ҳодиса ва айни пайтда бир-бирини тўлдирадиган бир тизимга солинган мукаммал бадиий ҳодиса.
«Хамса»нинг «Ҳайрат ул-аброр»дан бошланиб, «Садди Искандарий» билан тугашида ҳам рамзий маъно бор. Муаллиф бу бадиий мукаммаллик нуқтасида жуда пухта ўйлаб, юксак маҳоратини намойиш этганининг гувоҳи бўламиз. Искандар вафоти олди шундай васият қилади:
Чиқоринг бир илкимни тобутдин,
Ҳамул навъким ришта ёқутдин.
Ки эл солиб ул сори ҳайрат кўзи,
Не ҳайрат кўзи, балки ибрат кўзи...
Шарқшунос олим Н. Конрад айтганидек: «Агар Алишер биргина шу тимсолни яратганида ҳам биз барибир қаршимизда даҳо шоир турганини англаган бўлар эдик».
Алишер Навоий туркий тил, маданият ва тафаккурнинг ҳосиласи. Чунки чинакам эврилишлар, тарихий бурилишлар, бугунги тил билан айтадиган бўлсак, Ренессанслар биринчи галда тил ва тафаккур билан боғлиқ.
Ҳар ишники қилди одамизод,
Тафаккур бирла билди одамизод.
Алишер Навоий ўз даврининг фарзанди, бироқ у ўз даврининггина шоири эмас. У бугуннинг ҳам, келажакнинг ҳам шоири, файласуфи, тарихчиси, тилшуноси, том маънодаги зиёлисидир. Фикрда, тафаккурда, бадииятда Навоий кўтарилган мақомга инсоният ҳали етиб келмади. Етиб бориш, бу меросни англаш, ўзиники қилиш, ўзига сингдириш эса ҳар бир авлоднинг ўзига боғлиқ. Шоирнинг олам ва одам, инсон қалби ва руҳияти ҳақидаги фикрлари ҳамма даврлар учун долзарб аҳамият касб этаверади.
Алишер Навоий Ватанда туғилиб, Ватанни улуғлаб, Ватанга айланган ижодкордир. Ижодкор бўлмоқ — миллат шаънини юксакка кўтариб, ғурур дарғаси бўлмоқ, деганидир.
Олимларимиздан бири Алишер Навоийни туркий адабиётнинг пойтахти, деб атаганди. Зеро, шоир асарлари бадиий, фалсафий, илмий жиҳатдан мукаммал асарларгина эмас, балки бизнинг тафаккуримизга, онгимизга, шууримизга куч ва қувват берадиган, инсонларни, элларни, элатларни, халқларни бири-бирига бирлаштирадиган маънавий макон ҳамдир.
Ҳар куни Алишер Навоий асарларига юзланишимиз, унинг сўзларини ҳаётимиз ҳақиқатига айлантиришимиз керак. Шунда улуғ бобомиз руҳи биз билан доим бирга бўлади, шунда биз миллат сифатида аждодларга хос бўламиз. Бир байт ўқиймизми, бир сатрми, албатта, ўзининг самарасини беради. Алишер Навоий мероси шундай кучга, шундай қудратга эга.
Мамлакатимиз раҳбари учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясини ўртага ташлади. Мана шу тамаддун пойдеворини яратишда, ўзимизни янги тараққиёт даврига тайёрлашда Алишер Навоийдек алломаларнинг фикрига, асарларига суянишимиз лозим бўлади.
Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг