Улар янги йилни ўз уйларида кутади

13:07 29 Декабрь 2025 Жамият
241 0

Косон тумани марказида қуриб битказилган замонавий уйлардан хонадон харид қилиш кўпчилик оилаларнинг орзуси. Аммо янги уй олиш осон иш эмас. Бунинг учун йиллар давомида ҳаракат қилиш, маблағ тўплаш зарур.

Ўзбекистон Миллий университетининг амалий математика факультети 3-курс талабаси Земфира Хуррамова эса 20 ёшида ана шу янги массивдан 2 хонали, тўлиқ таъмирланган ва жиҳозланган хонадоннинг соҳибасига айланди.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги тегишли қарори билан уй-жойга муҳтож чин етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни уй-жой билан таъминлашнинг аниқ тартиб-тамойиллари белгилаб берилган эди. Унга кўра, чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммолари ўрганилиб, уларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда зарур кўмак кўрсатилаяпти. Жумладан, уй-жойга муҳтож деб топилган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар уй-жой билан таъминланмоқда. Айни вақтга худди шу асосда биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида 200 нафарга яқин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум ёш уй-жой билан таъминланган эди. Янги йил байрами арафасида эса уларнинг сони яна 25 нафарга ортди.

Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда янги хонадонлар калити ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Қаҳрамонимиз Земфира Хуррамова ҳам ана шу ёшлар қаторида Янги йилни илк марта ўз уйида кутадиган бўлди.

  • Ўзим Қамаши туманининг Лойқасой қишлоғиданман, — дейди у. – Ёшлигимда ота-онамдан етим қолиб, холамнинг қўлида катта бўлдим. Улар мени ўз фарзанди каби кўриб, меҳр бериб катта қилишди. Шу билан бирга, Президентимиз томонидан мен каби ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, оталарча ғамхўрлик бугун ҳаётда ўз йўлимни топишимга асосий омил бўлмоқда. Масалан, алоҳида квота билан университетга давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Имтиёзли стипендия олаяпман. Бугун эса янги хонадон соҳибасига ҳам айландим. Бу мен учун ҳақиқий Янги йил совғаси бўлди. Энди келажагимдан кўнглим тўқ, фақат яхши ўқиб, ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлишга ва юртимиз ривожига хизмат қилишга ҳаракат қиламан.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер