Украина Россияга қарши «аждарҳо жангчи»ларини майдонга ташлади

16:23 11 Сентябр 2024 Дунё
366 0

Фото: видеодан кадр

Россиялик ҳарбий блогерлар Украинанинг термит зарядлари билан жиҳозланган янги «аждаҳо дронлари»дан фойдаланаётганини билдирди. Хабар қилинишича, Херсон вилоятида қўлланилган бу дронлар ўзини ҳимоя қилишда қийналаётган рус аскарлари учун жиддий қийинчиликлар туғдирган. Бу ҳақда «Newsweek» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, алюминий ва темир аралашмаси бўлган термит 4 минг даражадан ортиқ Фаренгейтда қиздиради. Россиялик "Two Majors" блогерининг ёзишича, рус қўшинлари ҳозирда дронлардан ўзларини ҳимоя қилишнинг турли усулларини синаб кўраётганини билдирган.

Қайд этилишича, дронларнинг термал тасвирлагичлари жуда сезгир, шу сабабли ҳам, рус томони термал ҳимоя тўр ва қоплама матолардан фойдаланиш синовдан ўтказмоқда. Бу вақтинчалик ечим бўлиб, кучли иссиқликка нисбатан самарасиз эканлиги айтиляпти.

Украина ҳарбийлари ушбу «аждарҳо дронлари»нинг ҳаракатини акс эттирувчи видеоларни ҳам эълон қилганди. Бу эса Россия кучларининг хавотирларини янада кучайтирган. Ушбу дронларнинг термит зарядлари туфайли транспорт воситалари ва ҳарбий базалар олов ичида қолиши мумкин. «Бу нафақат жисмоний ҳалокат, балки қўшинлар орасида қўрқувни ҳам келтириб чиқаради», деб ёзади нашр.

Разведка таҳлилчиларидан бири Эмил Кастехелмининг очиқ манбаларга таяниб маълум қилишича, бу дронлар психологик таъсир кўрсатиб, рус аскарларини саросимага солиб қўймоқда. Ушбу дронларнинг жанговар самарадорлиги ҳали тўла баҳоланмаган, аммо улар аллақачон замонавий урушга янги ўлчов қўшди, дейиш мумкин.

Кастехелми термит дронлари ҳужумига учраган аскарлар ҳолатини тасвирлаб шундай дейди: «Осмондан олов ёғади ва аскарлар оловни ўчира олмайди. Ҳужумларнинг қўрқуви ва олдиндан айтиб бўлмаслиги кўплаб аскарларни ҳимоясиз ҳис қилишига сабаб бўлади».

Агар бу дронлар жанг майдонида муваффақият қозонишда давом этса, Россия ҳам шунга ўхшаш тактикани қўллашга ҳаракат қилиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. Шунга қарамасдан, ҳозирда уруш майдонидаги янги технологиялар ҳақида тўла ахборот мавжуд эмас.

Аввалроқ, Ўзбекистон шахмат терма жамоаси бугун Тринидад ва Тобаго ҳамда Ҳаитига қарши дона суриши ҳақида хабар бергандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?