Уйида музей очган отахон
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг Бувайда тумани аҳли азалдан адабиёт ва санъат шайдоси сифатида танилган. Туманда етишиб чиққан ҳофиз Расул қори Мамадалиев ва унинг ўнлаб издошлари, Муҳиддин Дарвешов каби сўз усталари, шоир ва ёзувчилар, олимлар ана шу меҳр-муҳаббатнинг тотли мевасидир.
Ана шу муҳитда катта бўлган бувайдалик меҳнат фахрийси Расулжон Камолов бир неча йиллар олдин ўз хонадонида музей ташкил этиб, туман тарихига тааллуқли ноёб экспонатларни жамлаб келмоқда. Бундай буюмлар орасида турли даврларга оид мусиқа асбоблари, эски пластинкалар, қўлёзмалар ҳам бор.
— Йиллар мобайнида уй-музейимда 1000 га яқин экспонатлар жамланди, — дейди отахон. — Буларнинг ҳар бири қадрли. Мазкур буюмларни кўз қорачиғидек асраймиз.
Уй-музейида ардоқли санъаткорларимиз Ҳалима Носирова, Саодат Қобуловаларнинг жонли овозлари ёзилган 400 га яқин эски пластинкалар сақланмоқда. 200 йиллик тарихга эга дутор ва танбурлар, нақшлар билан безатилган уйғур танбури, сурнай, най, кумуш нақшли бахшилар дўмбираси, магнит тасмалар, тарихий магнитофонлар бу ерга келувчи ҳар қандай санъат шинавандасини ўзига маҳлиё этади.
Мўъжазгина музей соҳибининг айтишича, бу танбурни узоқ йиллар халқимизнинг суюкли санъаткорлари чалган. Танбурни тошкентлик таниқли уста 1950 йилларда Жўрахон Султонов учун махсус буюртма асосида ясаб берган. Тарихий танбурни Жўрахон Султоновдан Орифхон Ҳатамов олган. Кейин Расул қори Мамадалиев фойдаланган. Ундан сўнг машҳур “Фарғона тонг отгунча” қўшиғининг муаллифи Абдулатиф Холдоров чалиб юрган. Шу тариқа ушбу мусиқа асбоби музейдан жой эгаллади.
Шунингдек, музейда қўли ва қалби гул чеварлар тикка қадимги гулсочиқлар, сўзаналар, чопонлар, зарбоф либослар, араб ҳарфларидан нақшлар ишланган кумуш тақинчоқлар, паранжилар, кўплаб ноёб китоблар жой олган.
Бўш вақтини кўпинча музейда ўтказадиган Расулжон ота маҳорат билан танбур, дутор чалиб ҳордиқ чиқаришни хуш кўради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг