UFC 313 турнири кўпчилик тахмин қилган натижа билан якунланди

Фото: Getty images
Бугун, 9 март куни АҚШнинг Невада штати UFC 313 турнирига мезбонлик қилди. Кечанинг марказий жангида ярим оғир вазн тоифасининг энг зўр жангчиси, янги чемпиони номи маълум бўлди.
Унда россиялик Муҳаммад Анкалаев ҳамда бразилиялик Алекс Перейра ўзаро кардга чиқди. Амалдаги чемпион Перейра ва даъвогар Анкалаев ўртасидаги жанг тўлиқ 5 раунд давом этди.
Базаси кураш бўлган россиялик спортчи тўқнашувдан олдинги онлайн жангларда ваъда қилганидек, барча раундларда тик оёқда ҳаракат қилди. У ҳатто ўзини ҳиндулар авлодидан деб биладиган рақибини бир бор нокдаун ҳолатига ҳам тушириб қўйди, фақат ишини якунлашига бироз вақт етмади.

Ҳакамлар россиялик Муҳаммад Анкалаевнинг жанг давомидаги фаол ҳаракатларини юқори баҳолади ва якунда уни ярим оғир вазн тоифасида UFC чемпиони деб топди.
Таъкидлаш керакки, жанглар оқшоми доирасидаги иккинчи асосий баҳсда америкалик Жастин Гетжи ва Озарбайжон вакили Рафаэл Физиев ўзаро жанг олиб борди. Ушбу тўқнашув реванш мақомида ўтди ва унда Гетжи Физиев устидан ҳакамлар қарори билан ғалаба қозонди.

Маълумот учун, улар ўртасидаги биринчи жанг 2023 йил 18 мартда Лондондаги «О2 Аrenа»да бўлиб ўтганди. Ўшанда ҳам Гетжи ҳакамлар қарори билан ғалабага эришган эди.
Шуни ҳам айтиш жоиз, Гетжи дастлаб Ден Хукерга қарши жанг қилиши керак эди, бироқ Хукер жароҳати туфайли жанг ўтказилмайдиган бўлди. Қасос ўтида ёнаётган Физиев жангга 10 кун вақт қолганда «визов»ни қабул қилди ва афсуски иккинчи бор мағлубият аламини ҳис қилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг