Учқудуқнинг фируза тошлари тайванлик инвестор диққатини тортди

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига ўтган йилги ташрифи доирасида ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлик имкониятларидан кенг фойдаланиш ва қўшимча қиймат ҳамда янги иш ўринлари яратиш вазифаларини белгилаган эди.
Шу асосда ҳудудларда бир қатор хорижлик инвесторлар билан музокаралар олиб борилиб, истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.
Чунончи, тайванлик инвестор Рей Хунг ва унинг ҳамкорлари фируза тошларини қазиб олиш ва қайта ишлашга доир лойиҳани амалга ошириш мақсадида Учқудуқ туманида бўлиб, туман адлия бўлими давлат хизматлари марказида “JU SHI XING CHENG” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонани давлат рўйхатидан ўтказишди.
— Қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа доирасида дастлаб 10 та янги иш ўрни яратилади, — дейди туман ҳокими Учқун Елмуротов. — Кейинчалик қимматбаҳо тошни қайта ишлашнинг йўлга қўйилиши ортидан маҳаллий аҳоли учун яратиладиган иш ўринлари сони янада ортади.
Айни кунларда Хитойнинг “Gansu Construction Investment” компанияси вакиллари Навоий вилояти Нормат Турсунов томонидан қабул қилинди.
— Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги делегациянинг ўтган йилги Хитой давлатига сафарида ушбу Қурилиш-инвестицион корпорация(холдинг) раҳбарияти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланганди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Элёр Ғаффоров. — Унга кўра, мазкур компания вакилларига вилоятимизга ташриф буюриб, Навоий вилояти ҳокими ва корпорация вакиллари вилоятда йирик қурилиш-бунёдкорлик ишлари, Янги Навоий шаҳарчаси барпо этилиши, замонавий ва сифатли автомобиль йўлларининг қурилиши, чўлланишнинг олдини олиш, мавжуд чўлларни ободонлаштиришда иштирок этиш масалалари бўйича музокаралар олиб борди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “Gansu Construction Investment” компанияси 1953 йилда ташкил этилган бўлиб, у дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларида ўз филиалларига эга ва 40 дан зиёд мамлакатларда қурилиш ишларини олиб боради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг