Уч марта офсайд қопқонига тушган «Реал Мадрид» барибир ғалаба қозонди

22:29 26 Октябр 2025 Спорт
491 0

26 октябрь оқшомида мухлислар 2025/2026 йилги мавсумдаги дастлабки «Эль-Классико»га гувоҳ бўлдилар. Темп, тактика ва эҳтирослар жангидан ташкил топган ушбу тўқнашув бу гал ҳам ўзгача ўтди.

«Реал Мадрид»нинг асосий таркибида катта ўзгаришлар амалга оширилмади. Марказий ҳимояга Милитао ва жароҳатдан қайтган Ҳюйсен жойлаштирилди. Ўнг қанот кутилганидек, Валвердега, чап қанот эса Каррерасга ишонилди. Ярим ҳимояда Чуамени, Камавинга, Беллингҳам ва Гулер ҳаракат қилди. Ҳужумда эса Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе ўрин олди.

Таркибдаги энг кутилмаган қарор Камавинганинг асосий таркибда тушиши ва ўнг қанот ярим ҳимоясида ўйнаши бўлди. Эътироф этиш керакки, бу ўйланма бир неча вазиятларда «Реал»нинг фойдасига ишлади.

«Барселона»да ҳам катта ўзгаришлар кузатилмади. Ҳимоя маркази Эрик Гарсия ва Кубарсига ишонилди. Қанотлар Кунде ва Балдега топширилди. Тайанч ярим ҳимояда Педри ва Де Йонг ҳаракат қилди. Ҳужум чизиғида Рашфорд, Ямал, Фермин Лопес ва Ферран Торрес майдонга тушди.

Ўйин бошини «Реал Мадрид» фаол бошлади. Сал қолса, «Барселона»нинг офсайд қопқони жамоанинг бошига балао келтириши мумкин эди. 2-дақиқада «каталонияликлар» сунъий офсайд юзага келтиришда қўпол хато қилдилар. Натижада Винисиус Жуниор зарба бериш позициясига чиқиб борди ва якунда пеналти билан тугаши мумкин бўлган эпизод «Барселона» фойдасига жарима тўпи билан якунланди.

10 дақиқа ўтиб эса «Барселона»нинг офсайд тузоғи жуда яхши ишлади. Педри тўпни йўқотган вазиятда Килиан Мбаппе ажойиб зарба билан ҳисобни очгандек бўлди. Аммо VAR вазиятни текшириб, ушбу ҳолатда кичик офсайд борлигини аниқлади ва гол бекор қилинди.

Лекин 21-дақиқада «Реал Мадрид» барибир мақсадига етди. Бу гал «Барселона» ҳимоясининг офсайд қопқони ишламади.

«Барселона» дарвозасига киритилган гол муаллифи Килиан Мбаппе барча мусобақаларда қаторaсига 4 та «Эль-Классико»да гол урган учинчи футболчига айланди. Ундан олдин бу ишни фақатгина Криштиану Роналду ва Роналдиньо уддалай олган эди.

Шундан сўнг «Барселона» ҳам олдинга чиқишни бошлади. Жамоа ҳужумларида хилма-хиллик ошди. 37-дақиқада Арда Гулер тўпни ҳудуддан чиқариб юбора олмади. Натижада ажойиб комбинация уюштирган «Барселона» Фермин Лопеснинг голи орқали ҳисобни тенглаштирди.

Шундан сўнг «Реал Мадрид» таймни ғалаба билан тугатиш учун бор ресурсларини ишга солди. 42-дақиқада Винисиус Жуниор қанотдан ажойиб юришни амалга оширди ва жарима майдони ичига аъло узатма берди. Бу вазиятда ҳужумга қўшилган Эдер Милитао ҳаводаги тўпни Жуд Беллингҳам йўлига тўғрилаб берди. Англиялик футболчи эса бўш дарвозага тўпни жойлаб қўйди.

Ушбу вазиятдаги ҳаво жангда «Реал Мадрид» ҳимоячиси Ҳюйсен рақиб футболчиси Кубарсининг юзига тирсаги билан уриб юборди. Аммо бош ҳакам бу ҳолатни голни бекор қилиш учун етарли деб топмади ва ўйинни давом эттирди.

Таймнинг сўнгги дақиқасида «Реал Мадрид» яна бир хавфли ҳужум уюштирди. Ҳатто гол ҳам урди, аммо сўнгги лаҳзада гол муаллифи Килиан Мбаппе офсайдда қолгани сабабли натижа бекор қилинди.

Биринчи тайм 2:1 ҳисоби билан якунланди. Бўлим мезбонларнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди, десак муболаға бўлмайди. Статистика ҳам буни тасдиқлади: «мадридликлар» биринчи бўлимда жами 12 та зарба йўллашга муваффақ бўлдилар. Шу зарбалардан сўнг «Барселона» посбони 5 марта сейв амалга оширди.

«Барселона» эса дастлабки таймда 7 та зарба йўллади, уларнинг 4 таси дарвоза томон аниқ йўлланди.

xG кўрсаткичи (гол уриш эҳтимоли) бўйича ҳам биринчи бўлимда устунлик «қироллик клуби» томонида эди. «Реал»нинг дастлабки бўлимдаги xG кўрсаткичи 2,25 ни ташкил этди, «Барселона»да эса бу рақам 0,6 бўлди.

«Қаймоқранглилар» иккинчи бўлимни ҳам фаол бошлади. 51-дақиқада Эрик Гарсия ҳимояланиш чоғида эҳтиётсизликка йўл қўйди. Натижада тўп жарима майдончаси ичида унинг қўлига тегди.

Бош ҳакам VARни кўргандан сўнг, «Барселона» дарвозасига пеналти белгилади. 11 метрлик жарима зарбасини Килиан Мбаппе амалга оширди. Аммо унинг зарбасини Шчесни қайтариб, таймдаги дастлабки қаҳрамонликни намойиш этди.

69-дақиқада «Барселона»нинг офсайд чизиғи яна бир бор катта саҳнага чиқди. Хаби Алонсо жамоаси ажойиб комбинацион ҳужум билан ҳисобни 3:1 кўринишига келтиргандек бўлди. Аммо Валверде Браҳимга узатма амалга оширган пайтда «Барса» мудофааси рақибни қопқонга туширди. Шу сабабли гол инобатга олинмади.

73-дақиқада Хаби Алонсо Винисиус Жуниорни Родриго билан алмаштирди. Бу ўзгаришдан Винисиуснинг жаҳли чиқди ва захира ўриндиғида ўтиришни хоҳламай, тўғри кийим алмаштириш хонаси томон йўл олди. Бу можаро кўринишига қараганда анча вақт давом этадиганга ўхшайди...

Ўйиндаги сўнгги воқеа 99-дақиқада юз берди. Очиқ оёқ билан тўпга ташланган Педрига ҳакам қизил карточка кўрсатди. Шундан сўнг икки жамоа футболчилари ўртасида кичик тортишув юзага келди.

Шу тариқа 3 та гол офсайд сабабли инобатга олинмаган, Хаби Алонсо ва Винисиус Жуниор муносабатлари яна катта муҳокамага айланган ҳамда «Барселона»нинг «Эль-Классико»лардаги ғалабали серияси якунланган ўйин 2:1 ҳисоби билан «Реал Мадрид»нинг ғалабаси билан якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер