Тутзорлар – қишлоқ тараққиётининг пойдевори
Пиллачилик мамлакатимизда иқтисодий аҳамияти катта тармоқлардан бири ҳисобланади. Соҳада илмий ёндашувлар ва замонавий технологияларни қўллаш эса долзарб вазифалардан бирига айланган. Бир вақтлар пилла ҳосили йил давомида фақат бир марта йиғиб олинган бўлса, ҳозирда уч мартагача ҳосил йиғиш имконияти яратилган. Бу соҳага илмий ёндошув асосида замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш натижасидир.
Пиллачиликнинг шаклланиши тутчиликдаги бурилишларга сабаб бўлди. Зеро, ипак қуртининг асосий озуқаси бўлмиш ўсимликнинг иқлимга мос янги навларини яратиш орқали ҳосилдорликни ҳамда сифат даражасини ошириш мумкин. Бу борада Марҳамат туманидаги «Ипак кўчат» кластерида йўлда қўйилган ишлар ибратлидир.
– Анъанавий усулда тут кўчатлари одатда пайвандлаш ёки уруғ орқали етиштирилса, кластердаги инвитро лабораториясида тирик ҳужайралардан фойдаланиб, кўчат етиштириш тажрибаси амалга оширилмоқда, – дейди кластер раҳбари Абдуфаттоҳ Мусулмонқулов. – Бу усул нафақат ҳосилдорликни оширади, балки кўчатларни касалликларга чидамли ва иқлим шароитига мос ҳолда етиштириш имконини ҳам беради. Энг муҳими, анъанавий пайвандлаш орқали бир гектар майдондан 50 минг туп кўчат олинса, уруғ орқали бу кўрсаткич 250 минг тупга етади. Инвитро лабораториясида эса ҳар 21 кунда 600 минг туп ниҳол ундириш мумкин. Агар йиллик ҳисоб-китобларини олиб қарасак, янги усулда етиштирилган кўчатлар сони 10 млн. 200 минг тупни ташкил этади.
Инвитро усули орқали етиштирилган кўчатлар нафақат юқори ҳосилдорлиги билан аҳамиятли, балки турли касалликларга чидамли, мустаҳкам ва маҳаллий шароитга тез мослашувчанлиги билан ҳам қадрлидир. Шу боис, кластерда энг замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали тутчиликда илмий ёндашувнинг самараси яққол намоён бўлмоқда. Ҳозирда кластер лабораториясида тутнинг икки хил дурагай нави яратилди. Дунёнинг 16 давлатидан олиб келинган 240 турдаги тут кўчатларининг коллекцияси барпо этилди. Бу эса маҳаллий шароитда янги тут навларини яратиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини бермоқда. Шу йўл орқали нафақат пилла ҳосилдорлигини ошириш, балки маҳаллий деҳқончиликни ҳам самарали ривожлантириш мумкин.
Марҳаматда амалга оширилаётган илғор технологиялар ва замонавий ёндашувлар кўрсатадики, пиллачилик соҳасида инновациялар ривожланишнинг муҳим асоси саналади. Бу эса нафақат маҳаллий аҳоли даромадини ошириш, балки республикамизда пиллачилик ва ипакчиликни юқори самара билан олиб бориш имконини ҳам беради.
Саминжон ҲУСАНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг