Туркиянинг Эрбаа шаҳри ҳокими Наманганга ташриф буюрди

14:26 23 Август 2024 Жамият
111 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Туркиянинг Токат вилоятидаги Эрбаа шаҳри ва Наманган муҳандислик технология институти ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шаҳар ҳокими Эртугрул Карагол бошчилигидаги делегация мазкур олийгоҳга ташриф буюрди. Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси асосида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Муҳандислик йўналишларидаги талабалар учун Эрбаа шаҳридаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўтказиш, профессор ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш, Токат вилоятидаги Газиосманпаша университети билан ҳамкорликда алмашинув дастурларини ишга тушириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаат келтиради, — дейди Эртугрул Карагол. — Ташрифимиздан асосий мақсад – талабалар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш ва ёшларнинг амалий билимларини ошириш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Бунда Эрбаа шаҳридаги йирик саноат корхоналарида амалий машғулотларни ташкил этиш орқали талабаларнинг келажакдаги касбий ўсишига ҳисса қўшиш алоҳида аҳамият касб этади.

Олий таълим муассасасидаги замонавий лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказлари билан танишган туркиялик меҳмон таълим ва ишлаб чиқариш узвий боғлиқлиги борасида амалга оширилаётган ишларга муносиб баҳо берди. Эндиликда Эрбаа шаҳри саноат ютуқларини ўрганиш Наманган муҳандислик-технология институти талабаларининг тажрибаларни янада бойитади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?