Туркияга ишлаш мақсадида борган ўзбекистонлик аёл одам савдоси қурбони бўлди (+видео)

14:28 18 Апрель 2025 Жамият
117 0

Туркияга ишлаш мақсадида борган ўзбекистонлик аёлни Н.А. исмли шахс маҳаллий жиноий гуруҳларга сотиб юбормоқчи бўлди. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Аниқланишича, 2025 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон фуқароси интернет орқали Н.А. исмли аёл билан алоқа ўрнатиб, унинг таклифи билан Туркияда иш топиш умидида Истанбулга йўлга чиққан. Жабрланувчига турк оиласида уй хизматчиси бўлиб ишлаш таклиф этилган.

Ўзбекистонлик аёл Истанбулга етиб келгач, Н.А. исмли шахс уни «Шанлыурфа» шаҳрига олиб бориб, у ерда маҳаллий жиноий гуруҳларга номақбул мақсадларда сотишга уринган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош консулхонага ижтимоий тармоқдаги фаол блогерлар томонидан маълумот келиб тушган. Ваколатхона томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида юртдошимизнинг хавфсиз тарзда Истанбулга етказилиши ва Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланган.

«Доимий огоҳлантиришларга қарамай, айрим юртдошларимизнинг бегона ва ишончсиз шахсларнинг ваъдаларига ишониб, Туркияда мураккаб ва хавфли вазиятларга тушиб қолиши давом этмоқда.

Яна бир бор юртдошларимизни бегона воситачилар орқали чет элга чиқмаслик, ҳар қандай иш таклифини пухта ўрганиш ва фақат расмий манбалар орқали иш излашга чақирамиз», — дейилади Бош консулхона хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?