Туркиядаги ўзбекистонликлардан митинглар ва провокацион фикрлардан узоқроқ бўлиш сўралди

12:08 21 Март 2025 Жамият
804 0

Фото: Forbes

Туркияда шу кунларда бўлаётган турли норозилик намойишлари ва оммавий йиғилишлар сабабли Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди.

Маълумотларга кўра, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда «провокацион постлар» жойлаштирган 261 кишини аниқлагани ва 37 кишини ҳибсга олган.

«Cизни ижтимоий тармоқларда ҳар қандай хабар ёки фикр билдиришда жуда эҳтиёт бўлишга чақирамиз», дейилади консулхона баёнотида.

Хавфсизликни таъминлаш учун қуйидагиларга амал қилиш сўралмоқда:

  • ҳар қандай норозилик намойишлари, митинглар ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлиш;
  • одам гавжум жойларга бормаслик ва ҳаракатланиш йўналишингизни олдиндан режалаштириш;
  • ижтимоий тармоқларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, провокацион хабарлар жойлаштирмаслик ва тарқатмаслик;
  • расмий хабарларга эътибор бериш ва вазият бўйича янгиликларни кузатиб бориш;
  • фавқулодда ҳолатларда Бош консулхона билан боғланиш (алоқа учун: +90 553 541 17 17).

«Сизнинг хавфсизлигингиз биз учун муҳим! Иложи борича эҳтиёт бўлинг ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўрсатмаларига риоя қилинг», деб ёзади консулхона матбуот хизмати.

Истанбул мерини ҳибсга олиниши Туркияда норозилик намойишлари бошланишига сабаб бўлди

Туркиянинг қатор шаҳарларида минглаб турклар Истанбул мери Акром Имомўғли ҳибсга олингани сабабли норозилик билдирмоқда.

Имомўғли Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг энг кучли рақиби ва мухолифат Республика халқ партиясининг машҳур сиёсатчиси ҳисобланади. У Туркия давлати томонидан террористик ташкилот сифатида тан олинган Курдистон ишчи партиясини қўллашда ва коррупцияда айбланмоқда.

Эрдоған танқидчилари бу айбловларни уйдирма, деб баҳоламоқда. Имомўғлининг ҳибсга олиниши эса мухолифатга сиёсий зарба сифатида қабул қилинган. Истанбул мерининг қўлга олиниши Туркиядаги репрессиялар тўлқинининг бир қисми бўлиб, сўнгги ҳафталарда ўнлаб мухолифатчилар, журналистлар, санъат арбоблари ҳибсга олинган. Уларга шубҳали айбловлар қўйилган.

Келаётган якшанба куни партия Имомўғлини Эрдоғанга қарши президентликка номзод сифатида расман кўрсатишни режалаштирган эди. Бу 2003 йилдан бош вазир 2014 йилдан буён президентлик курсисида ўтирган амалдаги Туркия раҳбарини ҳокимиятдан четлатишнинг дастлабки қадами сифатида қаралаётганди.

Имомўғли тарафдорларини қаршилик кўрсатишга чақирди. «Одамларнинг иродасини қўрқитиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан бостириш мумкин эмас», деган сиёсатчи.

Республика халқ партияси раҳбари Ўзғур Ўзел Имомўғли ҳибсга олинганига қарамай президентликка номзод бўлишини эълон қилди. Сиёсатчининг ўзи ҳуқуқ ва эркинлик учун курашни давом эттиришга ваъда берган. Бир неча кун олдин Истанбул университети сиёсатчининг дипломини бекор қилган эди. Бу унинг сайловларда иштирок этишини чеклайди.

Шаҳар ҳокимлиги ташқарисида юзлаб одамлар тўпланишиб, мернинг озод бўлишини талаб қилмоқдалар. Эрдоған ҳукумати вазиятни юмшатиш учун намойишлар ўтказишни тақиқлаб қўйди. Ижтимоий тармоқларга чекловлар киритди. Истанбулда иккита метро линияси ёпилди, блокпостлар ўрнатилди. Журналист Эрен Гуверчин «Bild» нашрига Эрдоған мухолифат билан ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ курашаётганини айтди.

2019 йилда у Истанбул мери сифатида сайловда ғалаба қозонганида ҳам Эрдоған партияси уни сайловларни сохталаштиришда айблади. Такрорий овоз беришда Имомўғли 800 мингдан кўпроқ овоз олган.

Шунингдек, мер ҳибсга олингандан сўнг, Истанбул биржасидаги савдо вақтинча тўхтатилди. Биржанинг асосий индекси деярли 7 фоизга тушиб кетди. Лира рекорд даражада пастлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер