Туркияда юз берган зилзила оқибатида Қаҳраманмарашда жами 941 та бино вайрон бўлган
Фото: Reuters
Туркия ички ишлар вазири, Қаҳраманмараш вилоятидаги зилзила оқибатларини бартараф этиш координатори Сулаймон Сойлу табиий офат натижасида минтақада жами 941 та бино қулаганини маълум қилди.
Қаҳрамонмараш вилоятида Рихтер шкаласи бўйича 7,7 ва 7,4 магнитудали зилзилалар эпицентри бўлган.
Сойлуга кўра, шаҳарда 600 киши ҳалок бўлган. Унинг таъкидлашича, қутқарувчилар вайроналар остидан омон қолганларни олиб чиқиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бироқ об-ҳаво шароити бу юмушларни янада тез олиб боришга ҳалақит бермоқда. Зилзиладан зарар кўрган Элбистон вилоятида кучли қор ёғиши давом этмоқда. Қутқарув ишлари Дулкадирўғлу, Авшин, Пазарджик, Элбистан ва Гюксюн, Нурҳак ҳудудларида олиб борилмоқда.
Сиёсатчининг таъкидлашича, минтақада газ таъминоти ҳали тикланмаган. Бироқ шифохоналарнинг электр таъминоти қисман таъминланган.
Шу йилнинг 6 февраль куни эрта тонгда Туркиянинг жануби-шарқида, Сурия билан чегарага яқин жойда содир бўлган кучли зилзила қурбонлари сони тез ўсишда давом этмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Туркияда ҳалок бўлганлар сони қарийб 3,5 минг кишига етган, 20,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Сурияда қурбонлар сони 1,4 мингдан ошди, 3,5 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Президент Режеп Таййип Эрдоған мамлакатда бир ҳафталик мотам эълон қилди.
Эрдоған мамлакат нафақат ўз минтақасида, балки дунёда ҳам энг катта офатлардан бирига дуч келганини айтди.
«Ушбу зилзилалар шу каби зилзилалар билан солиштирганда жуда катта ҳудудда катта вайронагарчиликка олиб келди. Биз нафақат республика тарихидаги, жуғрофий ўрнимиздаги, балки жаҳондаги энг катта офатлардан бирига дуч келдик», деди Эрдоған.
Унинг қайд этишича, Туркияда содир бўлган ушбу ер силкинишлари умумий аҳолиси 13 миллионга яқин бўлган 10 вилоятга таъсир кўрсатди.
Шу ўринда, у ҳозирда мамлакатда қидирув-қутқарув ишлари жадал суръатлар билан давом этаётганини таъкидлади.
Туркияда юз берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқароси борлиги ҳам маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 7 февраль (Тошкент вақти билан) соат 10.00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 13 нафар ҳамюртимиз бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг