Туркияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси Маркази тақдимоти бўлиб ўтди

12:08 25 Ноябрь 2025 Жамият
226 0

Истанбул шаҳрида Туркия Миллий саройлар бошқармасининг 100 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум доирасида минтақадаги энг йирик маданий-маърифий лойиҳалардан бири — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси Марказининг фаолияти тақдим этилди.

Симпозиумда дунёнинг 37 мамлакатидан 50 дан ортиқ маърузачи ва қарийб 300 нафар иштирокчи қатнашди. Тадбир музей иши ва маданий меросни асраш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш учун йирик халқаро майдонга айланди. Маълумки, 1925 йили Мустафо Камол Отатурк ташаббуси билан Усмонийлар империяси саройлари — Тўпқопи, Долмабахче, Йилдиз ва бошқа тарихий резиденциялар давлат тасарруфига ўтказилган ва бу ҳолат Туркия Миллий саройлар бошқармаси ташкил этилишига асос бўлган.

Ўзбекистон тақдимоти: янги авлоднинг инновацион музейи

Ўзбекистон номидан симпозиумда Ислом цивилизацияси Маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдуҳолиқов иштирок этди. У ўз маърузасида Марказнинг миссияси, музей экспозициялари концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йирик муаллифлик-маърифий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган халқаро илмий тадқиқотлар ҳақида сўз юритди.

Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси Маркази дунё миқёсидаги илғор илмий-маърифий ва маданий-таълимий платформа сифатида барпо этилмоқда. Марказнинг асосий вазифаларидан бири — ислом динининг асл гуманистик моҳиятини, яъни бу диннинг эзгулик, бағрикенглик, тинчлик ва маърифат дини эканини жаҳон жамоатчилигига етказишдир. Шунингдек, Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилиш, мамлакатимизнинг бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш ҳам Марказ фаолиятининг муҳим йўналишидир.

Марказ экспозициясининг концепцияси янги моделга таянган — тарих буюмлар орқали эмас, балки илм-фан ва цивилизация тараққиётига таъсир кўрсатган тарихий шахслар тимсолида намоён қилинади. Экспозициялар энг илғор халқаро стандартлар асосида шакллантирилган, инновацион лойиҳалар билан бойитилган ва Ўзбекистон ҳамда хорижнинг етук мутахассислари билан ҳамкорликда яратилган. Музейда сунъий интеллект кенг қўлланилиб, буюк аждодларнинг рақамли қиёфалари яратилмоқда.

Халқаро тадқиқотлар ва маданий меросни қайтариш ишлари

Сўнгги йилларда Туркия, Буюк Британия, Италия, Саудия Арабистони, Қувайт, Россия, Франция, Испания, Германия ва бошқа 20 дан ортиқ давлатларда изланишлар олиб борилди. Президент топшириғига биноан ташкил этилган махсус комиссия таркибида Марказ делегациялари ушбу тадқиқотларда фаол қатнашди.

Ушбу кенг кўламли ишлар натижасида қарийб икки мингта артефакт Ўзбекистонга қайтарилди ва репатриация жараёни давом этмоқда. Аукционлар ва махсус галереялар орқали харид қилинган санъат асарлари ва қўлёзмалар билан бир қаторда, WOSCU ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар томонидан Марказга бебаҳо артефактлар совға қилинган.

XXI асрнинг инновацион музей экспозициялари

Марказнинг илмий концепциясини ишлаб чиқишда дунёнинг турли мамлакатларидан 1500 га яқин олим, тадқиқотчи ва музей мутахассиси иштирок этди. Музей майдонлари универсал таълимий экотизим сифатида лойиҳалаштирилган бўлиб, энг замонавий рақамли технологиялар билан жиҳозланган:

• 200 га яқин интерактив сенсор панеллар ўрнатилган,

• Сунъий интеллект асосида буюк уламоларнинг рақамли аватарлари яратилган,

• Ёшлар тарихий шахслар билан “мулоқот қилиши” мумкин бўлган мультимедиа платформалари жорий этилган,

• Ҳар бир ташриф буюрувчи фойдаланиши мумкин бўлган буюк аждодлар ҳақидаги электрон билимлар базаси яратилган.

Ёшлар учун махсус таълим зоналари, китобхонлар учун замонавий кутубхона майдонлари, болалар учун эса интерактив ривожлантирувчи масканлар ташкил этилган.

Ҳозирда уч йўналиш бўйича махсус аудиодастурлар яратиш устида иш олиб борилмоқда:

1. Мамлакат меҳмонлари ва кенг омма учун,

2. Ёшлар учун — интерактив ва рақамли таълимга йўналтирилган,

3. Олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар учун — архивлар, илмий базалар ва тадқиқот инфратузилмасига кириш имконияти билан.

Сентябр ойида 25 та мамлакатдан 120 дан ортиқ мутахассислар иштирок этган йирик Экспертлар форуми ўтказилди. Халқаро экспертлар Марказнинг илмий даражаси, экспозицияларнинг чуқурлиги ҳамда ислом меросини ёритишнинг янги ёндашувини юқори баҳолади.

Уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси Маркази — классик музей мактаби ва илғор интерактив технологиялар уйғунлаштирилган, дунёдаги энг замонавий янги авлод музейларидан биридир. Бу ерда замонавий музей экотизимининг барча унсурлари — рақамли ечимлар, таълимий платформалар, кутубхона майдонлари, болалар зоналари ҳамда ҳар бир экспозициянинг мазмунни чуқур очиб берадиган тизимлари тўлиқ интеграция қилинган. Ушбу кўп даражали модель халқаро миқёсда илғор стандарт сифатида эътироф этилиб, турли давлатлардаги музейларга тавсия этилмоқда.

Симпозиумда Марказ фаолияти ҳақидаги видеоролик намойиш этилиб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тақдимот якунида Фирдавс Абдуҳолиқов халқаро мультимедиа лойиҳаси доирасида Марказ учун яратилган, Голливуд юлдузи Бен Кингсли иштирок этган қисқа фильмни тақдим этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?