Туркияда 22 ёшли ўзбекистонлик аёл 4-қаватдан йиқилди

10:45 17 Март 2026 Жамият
145 0

Фото: Истанбулдаги Бош консулхона

Туркиянинг Измир шаҳрида 22 ёшли ўзбекистонлик аёл ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидан тушиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, асли Наманган вилоятидан бўлган 22 ёшли Севдора Ҳакимжонова Измир шаҳрида яшаб келаётган вақтида кўп қаватли турар-жой биносининг тўртинчи қаватидан тушиб кетган. Ҳозирда у давлат шифохонасида даволанмоқда. Шифокорлар аёлнинг аҳволи оғир экани қайд этган.

Аниқланишича, Ҳакимжонова Туркия фуқароси бўлган шахс билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган, уларнинг никоҳи расмий тартибда қайд этилмаган. Маълумотларга кўра, никоҳ маросими Наманган вилояти Чуст туманида ўтказилган.

Кейинчалик улар Туркиянинг Измир шаҳрига келиб, куёвнинг яқин қариндошлари билан бир хонадонда яшаб келган. Қайд этилишича, Севдора Ҳакимжонова ва унинг турмуш ўртоғи эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахс ҳисобланади.

Мазкур ҳодиса юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тўпланган материаллар тегишли тартибда прокуратура органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, вазият Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Фуқаронинг соғлиғи ҳолати ҳамда тергов жараёнлари юзасидан Туркия ваколатли идоралари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?