Туризм салоҳияти юксак «Булут орти» қўрғони

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Нурота тоғ тизмаларининг Оқтови Шарқдан Ғарбга қарийб 70 километрга чўзилган. Энг баланд нуқтаси — Тахку чўққиси денгиз сатҳидан 2003 метр баландликда бўлиб, унга тушган илк қор кейинги саратонига қадар эриб, тоғ этакларидаги адирликлар ва ўнлаб қишлоқларни оби ҳаёт билан таъминлайди. Шулардан бири Кўксарой водийси бўлиб ўртасида «жин ўтди» деб аталадиган ўзига хос шаклга эга тоғ бор. Ён бағирларининг текислиги ва ва фавқулодда тиклиги сабаб кўпроқ қояга ўхшаб кетади. Яна бироз юрган киши Оқтовус қишлоғи яқинида Майдон ғорини томоша қилиши мумкин. Унинг узунлиги 120 метрни ташкил этади.
Ушбу манзаралар Оқтовнинг энг баланд нуқтадаги қўрғони — Лангардан кафтдагидек кўриниб туради. Ундан баланд нуқтада одам яшамайди. Бироқ қадимда ушбу ҳудудда одамлар маъданшунослик билан шуғуллангани ҳақидаги ривоятлар кезиб юради. Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида молибден, вольфрам гранит, феруза, кварц, дала шпати, слюд ва бошқа маъданлар конларининг очилиши «булут орти»да Лангар қўрғонининг пайдо бўлишига замин ҳозирлади.
Лангар юртимизнинг сўлим гўшаларидан бири. Иқлим шароити Кавказ табиатига яқин. Ҳудуддаги Оқ сув шаршараси республика туристик йўналишлар маршрутига киритилган. Сўнгги йилларда эса Лангар маҳалласи «Туризм қишлоғи» мақомига эга бўлиб, 20 та оилавий меҳмон уйлари ва 3 та дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилди. 8 та тоғ, кўл, булоқ, чўлдан иборат табиат манзаралари рўйхати шакллантирилиб, сайёҳлар учун миллий таомлар тайёрловчи 15 та гастрономик хонадонлар фаолияти ташкил этилди.
— Сайёҳлар оқимини ошириш, аҳоли даромад манбаини кўпайтириш мақсадида 3 кунлик «Лангар туризм ҳалқаси» турпакети ҳам ишлаб чиқилди, — дейди МФЙ раиси Анора Мадатова. — 4 та ҳунармандчилик устахоналари ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича мастер класс хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, туризм турларини ривожлантириш мақсадида 1 та ов туризми объекти ташкил этилди. Натижада биргина ўтган йилнинг ўзида 55 нафар аҳолининг доимий иш билан бандлиги таъминланди.
Лангарда бугун туризм билан боғлиқ тадбиркорлик субъектлари сони 30 тани ташкил этади. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратиш, қишлоқнинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида яқинда 6 та кемпинг, узунлиги 800 метрлик зиплайн, 200 метрлик тюбинг, замонавий ресторан ва селфи зонаси ишга туширилди. Уларнинг тақдимот маросимида вилоят ҳокими, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирок этишди. Тантанада сайёҳлик индустрияси бугунги кунда Лангарнинг ривожланишида старт нуқтасига айланиб, одамлар қалбига эртанги кунга ишонч туйғуларини қайтарганлиги алоҳида таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг