Туризм салоҳияти қандай юксалади?

23:15 31 Октябр 2022 Маданият
2108 0

Фото: Севара АЛИЖОНОВА

Навоий вилояти бўйлаб саёҳатимиз давом этади. Бу галги манзил — XII асрга тегишли Шайх Хўжа Хисрав мақбараси.

Кармана туманида жойлашган бу масканни топиб олишга бироз қийналдик. Бир ярим километр аввал йўл юзига қўйилган хабардор этувчи белгидан бўлак ҳеч нима йўқ. Ахийри, «Google харита» бизга ёрдам берди. Баҳайбат супермаркетнинг орқасида кўримсизгина, қимтиниб турган қадамжога келувчилар сони кўп эмаслиги аниқ.

Аммо мўъжазгина даргоҳдан файз, ҳаловат, сакинат ёғилиб, беихтиёр ғала-ғовур дунёдан бир муддат буткул узилгандек руҳингиз ором топади. Шинам.

Шайх Хўжа Хисрав ким? Бу улуғ зот самарқандлик бўлиб, XIV асрда Карманада яшаб ўтган. Мавлоно Ориф Деггароний, Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд билан замондош ва ҳамнафас бўлган шайхлардан биридир. Хўжа Хисравнинг ҳаёти, фаолияти ва кароматгўйлиги ҳақида Абул Мусин Муҳаммад Боқир Ибн Муҳаммад Алининг «Баҳоуддин Балогардон» китобида айрим тарихий маълумот ва ривоятлар келтирилган.

У таниқли олим, нақшбандия тариқатининг тарғиботчиларидан бири сифатида хурофотга қарши курашган. Карманада яшаш учун келган шайх Хўжа Хисрав умрининг охиригача нақшбандия таълимотининг давомчиси сифатида маҳаллий аҳолининг ҳурматига сазовор бўлган ва улар охир-оқибат у зотнинг хотирасини абадийлаштирганлар.

ХХ аср – шўро тузуми даврида мақбара вайрон қилинган, масжид бузилган, қабр тошидан бўлак ҳеч вақо қолмаган. Сағанани зиёрат этиш ҳам тақиқланган, устига икки қаватли уйлар қуриб юборилган. Маърифатпарварларимиз вафотидан кейин ҳам қанча кўргиликларни «бошидан кечиргана».

Бугун сайёҳларга барча қулайликларни яратиш, ҳатто уларнинг ўз кўзлаган манзилини осон топиб олиши учун имкониятларни кенгайтириш ҳудуднинг туризм салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

2018 йили «Хўжа Хисрав» ва «Мирсаид Баҳром» меъморий обидаларини қайта таъмирлашга 3 миллиард сўм ажратилган ва бугунги кўринишга келтирилган.

Йўл бўйига кичик панно ҳам қўйилмаган экан ўшанда. Ҳали ҳам кеч эмас.

Севара АЛИЖОНОВА.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер