Туберкулёз касаллиги: даволагандан кўра, олдини олган маъқул
Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчисида туберкулёз (халқ тилида сил касаллиги) касаллиги қайд этилгани ҳақида кўп ёзилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, туберкулёз оғир касаллик эмас ва замонавий тиббиётда уни самарали самарали даволаш усуллари мавжуд.
Хўш, бугунги кунда туберкулёз касаллигининг олдини олиш ва профилактика қилиш, ўз вақтида ташхис қўйиш ва руҳий кўмак бериш борасида Фарғона вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мухбиримиз шу хусусда мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
— Айни пайтда шифохонанинг 40 ўринга мўлжалланган болалар бўлимида 3 нафар малакали шифокорлар фаолият кўрсатмоқда, — дейди Фарғона вилояти фтизиатрия ва пульмонология марказининг болалар бўлими шифокори, олий тоифали фтизиапедиатр Мавлуда Худайназарова. —Давлатимизнинг юксак эътибори ва сўнгги русумдаги замонавий ускуналар ёрдамида туберкулёз касаллигига тезкор ва аниқ ташхис қўйилиб, бундай қулайликлар беморларни тез ва самарали даволашда жуда қўл келмоқда.
Ҳозирда туберкулёз касаллигини тезкор диагностика қилишга мўлжалланган “GeneXpert” ускунаси нафақат беморда туберкулёз касаллиги мавжудлиги, балки касалликнинг маълум бир турини даволаш учун одатда буюриладиган муолажа усулларига чидамлилигини текшириш имконини беради.
Касаллик профилактикаси ва муолажаси учун барча турдаги дори воситаларни давлат томонидан бепул берилиши бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда катта аҳамият касб этмоқда.
Фарғона вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази бўлим мудири, олий тоифали шифокор Эъзоз Ғуломаванинг қайд этишича, ҳолсизлик, тез чарчаш, иштаҳанинг ёмонлашуви, озғинлик, сержаҳллик, меҳнат фаолиятининг сусайиши туберкулёзнинг эрта белгилари ҳисобланади. Афсуски, баъзи ҳолларда туберкулёз билан касалланган беморлар ушбу белгиларни касаллик билан боғлашмайди, сабаби жуда кўп касалликларда юқоридаги каби умумий белгилар кузатилади.
Туберкулёз (сил) кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўллари шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса туберкулёз таёқчаларига таъсир қилмайди. Оқибатда инсон касалликни ўтказиб юборади. Агар бемор ўз вақтида даволанмаса, йўтал кучайиб, балғам ажралиб чиқади, баъзан қон туфлаш эҳтимоли бор.
Бу касалликнинг дорига сезгир турини даволаш 6 ой муддатни талаб этади. Авваллари касалликни аниқлаш ва ташхис қўйиш учун ойлаб вақт талаб этиларди. Ҳозирда эса бу касалликка генно-молекуляр усули орқали бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйилмоқда.
Давлатимиз томонидан берилаётган бепул дори-дармон воситаларининг ҳажми эса йилдан йилга ортиб бораётгани ҳам эътиборга сазовордир.
— Мамлакатимизда кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида“ги Қонуни ижроси доирасида аҳоли ўртасида туберкулёз касаллигининг олдини олиш, даволаш ишларини янада такомиллаштириш, ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда, — дея суҳбатимизни давом эттиради Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилояти бошқармаси эпидемиология бўлими мудири Ферузбек Мамадалиев. — Айни йўналишда ўтган йил давомида Фарғона вилоятида 1297 та касаллик ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ўтказилди.
Маълумки, юртимизда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган бўлиб, унга кўра болалар 13 турдаги юқумли касалликларга қарши режали эмланади ва бу эмловлар давлат томонидан бепул амалга оширилади. Бевосита ўтган йил мобайнида ҳам 102 минг 550 нафар чақалоқлар туберкулёзга қарши БЦЖ вакцинаси билан эмланди.
Мухтасар айтганда, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Шу боис ушбу касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда барча имкониятларимиз етади. Ўз навбатида, ижтимоий соҳа муассасалари, маҳаллалар ҳамда меҳнат жамоаларида мунтазам равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ («Халқ сўзи») ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг