Трамп Путинга қўнғироқ қилди. Сиёсатчилар нима ҳақида гаплашди?
Фото: AP
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 7 ноябрь, пайшанба куни Россия етакчиси Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди.
“The Washington Post” нашрининг ёзишича, сиёсатчи Киевни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаган маблағлари америкалик солиқ тўловчилар учун қандай оқибатларга олиб келишидан хавотир билдирган. Трамп дунё Украина ҳукуматидан ҳудуднинг бир қисмини, масалан, Қримни беришни талаб қилиши мумкинлигини айтган.
АҚШнинг сайланган президенти, шунингдек, Россия раҳбари билан “Украинадаги урушни тезроқ ҳал этишни муҳокама қилиш” учун кейинги суҳбатларга қизиқиш билдирган.
Бундан ташқари, Трамп АҚШнинг Европадаги ҳарбий мавжудлигини эслатган. Сиёсатчилар Европа қитъасида тинчликка эришиш имкониятларини ҳам муҳокама қилишди.
Украина ҳукумати АҚШнинг сайланган президентининг Россия раҳбарига қўнғироқ қилгани ҳақида маълум қилинди. Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, Украина расмийлари суҳбатга эътироз билдирмаган.
Нашр маълумотларига кўра, Украина расмийлари «Трамп Украина масаласини дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича Путин билан мулоқот қилишини анча олдин тушунишган».
Аввалроқ “The Wall Street Journal” нашри АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган Трамп Украинани Россия билан музокара столига ўтказиши мумкинлигини ёзган эди. Қайд этилишича, янги сайланган Америка раҳбари Киев ўз мавқеини йўқотиши фонида ўзининг амбицияли дастурини амалга ошириш имкониятига эга.
Бундан ташқари, Трамп жамоаси Украина можаросига барҳам бериш бўйича янги режани муҳокама қилаётгани маълум бўлди. “The Wall Street Journal” маълумотларига кўра, ўтиш даври маъмурияти ҳозирги фронт чизиғини музлатиб қўйиш, у бўйлаб қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш, шу билан бирга, агар Украина 20 йил ичида НАТОга қўшилишдан бош тортса, Киевни қурол-яроғ билан таъминлаш ниятида.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жейк Салливаннинг айтишича, Америка етакчиси Жо Байден шахсан Трампдан Украинага ёрдамни тўхтатмасликни сўрайди.
Жейк Салливаннинг айтишича, Президент Байден келаси 70 кун ичида Конгресс ва келаётган маъмуриятга Қўшма Штатлар Украинадан чиқмаслиги кераклигини исботлаш имкониятига эга бўлади.
Салливан, шунингдек, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти Конгресс аввалроқ Украинага ёрдам бериш учун ажратган барча маблағларни амалга оширишни режалаштираётганини айтди. Унинг таъкидлашича, гап Киев келаси йилнинг 20 январигача оладиган олти миллиард доллар ҳақида кетмоқда.
Трампнинг ўғли АҚШнинг Украинага кўрсатаётган ёрдами яқин орада тугаши ҳақидаги видеони жойлаштирди.
Кичик Дональд Трамп ижтимоий тармоқларда АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами яқин орада тўхтатилиши ҳақидаги видеони жойлаштирди. Кадрларда Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашуви тасвирланган бўлиб, унда «Молиявий ёрдамингизни йўқотишингизга 38 кун қолди» деган ёзув бор.
Видеонинг охирида Украина раҳбарининг яқиндан олинган сурати берилган, кейин эса фотосурат оқ-қора рангга айланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг