Трамп Европа Иттифоқига таҳдид қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқини савдо келишуви бўйича Қўшма Штатлар иқтисодиётига сармоя киритиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса, импорт божларини 35 фоизга ошириш билан таҳдид қилди.
«Кейин улар 35 фоиз бож тўлайдилар», – деган у журналистларнинг Европа Иттифоқи инвестиция келишувларини бажармаса, АҚШ қандай чоралар кўриши ҳақидаги саволига.
Шу йилнинг 28 июль куни АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасида савдо битими имзоланган бўлиб, унга кўра Брюссел АҚШдан 750 миллиард долларлик энергия манбаларини сотиб олишга, шунингдек, АҚШга Европа сармоясини 600 миллиард долларга оширишга ва Америка қуролларини сотиб олишга ваъда берган. Бунинг эвазига Вашингтон Европа товарларига тарифларни икки баравар, яъни 30 фоиздан 15 фоизгача камайтиришга сўз берган.
Эртаси куни «Politico» нашри Трамп Европа Иттифоқига савдо битимини тузиш учун босим ўтказгани ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, АҚШ етакчиси европаликларга мактуб йўллаб, жиддий таваккал қилаётганликлари ҳақида огоҳлантирган. Шундан сўнг Европа Иттифоқи музокаралар столига ўтириб, АҚШ билан битим тузишга рози бўлди.
Бир қатор экспертлар АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо келишуви Европа саноати учун «иқтисодий фалокат» таҳдиди туғдиради, деган хулосага келди. Қайд этилишича, қисқа муддатда Европа Иттифоқи мамлакатлари экспорт ҳажмининг пасайишига, узоқ муддатда эса инвестицияларнинг чиқиб кетишига ва саноатга босимга дуч келади.
Европа Парламенти вице-президенти Катарина Барли айтишича, Брюссель ва Вашингтон ўртасидаги бож тўловлари бўйича келишув Европа Иттифоқининг АҚШга тузилмавий қарамлигини оширади ва Европанинг заифлигини кўрсатган.
«Тенг шартлар асосида адолатли келишув ўрнига, энди Европанинг асосий тармоқларига оғирлик қиладиган ва АҚШга таркибий жиҳатдан қарамлигимизни янада чуқурлаштирадиган муросага эришилди», – дейди Германия Социал-демократик партияси вакили «Tagesspiegel» нашри берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, нафақат тарифлар, балки Европанинг стратегик суверенитетини сақлаб қолиш ҳам муҳим.
«Бу келишув ютуқ эмас, балки Европа заифлигининг яққол белгисидир. Еврокомиссия кучли босим остида таслим бўлди», – дея қўшимча қилади сиёсатчи.
Француз социалистлари етакчилари Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо келишувини Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун шармандалик ва бўйсуниш йўли деб таърифлаган.
Франция социалистик партияси бош котиби Пьер Жувенинг айтишича, Европа учун бу вассализация келишуви.
«Биз «атиги» 15 фоиз божхона тўлови олганимиз билан қаноатланамизми?» – деган саволни ўртага ташлади Жуве.
Социалистик партия етакчиси ва биринчи котиби Оливье Фор бу келишувни «шармандалик» деб атади ва европаликлар АҚШ шартларидан воз кечиб, ягона блок сифатида ҳаракат қилишдан кўра ўз миллий манфаатларига эътибор қаратишни афзал кўрганини таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг