«Бу келишув ютуқ эмас. Еврокомиссия кучли босим остида таслим бўлди» — Европа Парламенти вице-президенти АҚШ билан савдо келишувини танқид қилди

15:07 29 Июль 2025 Дунё
212 0

Фото: AP

Брюссель ва Вашингтон ўртасидаги бож тўловлари бўйича келишув Европа Иттифоқининг АҚШга тузилмавий қарамлигини оширади ва Европанинг заифлигини кўрсатади. Бу фикрларни Европа Парламенти вице-президенти Катарина Барли айтиб ўтди.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва АҚШ президенти Дональд Трамп 27 июль куни савдо келишувига эришганди. Унга кўра, Европа Иттифоқининг АҚШга экспорт қилинадиган деярли барча товарлари энди 15 фоизлик божхона тўловларига тортилади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи АҚШдан суюлтирилган газ, ядровий ёқилғи ва қурол сотиб олиш мажбуриятини олди.

«Тенг шартлар асосида адолатли келишув ўрнига, энди Европанинг асосий тармоқларига оғирлик қиладиган ва АҚШга таркибий жиҳатдан қарамлигимизни янада чуқурлаштирадиган муросага эришилди», — дейди Германия Социал-демократик партияси вакили Барли «Tagesspiegel» нашри берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, нафақат тарифлар, балки Европанинг стратегик суверенитетини сақлаб қолиш ҳам муҳим.

«Бу келишув ютуқ эмас, балки Европа заифлигининг яққол белгисидир. Еврокомиссия кучли босим остида таслим бўлди», — дея қўшимча қилади сиёсатчи.

Унинг фикрича, критик технологиялар, Европа рақамли инфратузилмаси ва умумий хавфсизлик архитектурасига кўпроқ сармоя киритиш керак.

«Фақат шу йўл билан Европа ҳақиқатан ҳам дунёда ўзини намоён қилиши мумкин», деб хулоса қилди Барли

Трамп аввалроқ, 12 июль куни АҚШ 1 августдан бошлаб Европа Иттифоқи товарларига 30 фоизлик божлар жорий этишини, илгари киритилган тармоқ божлари эса ўз кучида қолишини айтган эди. Европа Комиссияси раҳбари номига йўлланган мактубида, агар Европа Иттифоқи АҚШ товарларига божларни оширмоқчи бўлса, Қўшма Штатлар ўзининг 30 фоизлик тарифларига «бу рақамни» қўшиши қайд этилган.

Ляйен ўша куни Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар билан музокараларни давом эттириши ҳақида баёнот берди, аммо агар улар муваффақиятсизликка учраса, 1 августдан бошлаб қарши чоралар кўради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?