Тожикистондан олиб кирилган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди

20:42 23 Сентябр 2025 Жамият
105 0

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва уларни контрабанда йўли билан мамлакатимизга киритиш ҳолатларига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қатор йирик операциялар ўтказилди.

Бешариқ туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Cobalt” автомашинаси “Ровот” чегара божхона пости орқали Тожикистондан кириб келган вақтда тўхтатиб текширилди. Автомашина юкхонасига ўрнатилган газ баллони ичида 53 дона ўрамда яширилган гиёҳвандлик воситалари аниқланди. Экспертизага кўра, уларнинг таркибидан 50 кг 852 грамм “опий” ва 6 кг 927 грамм “гашиш” чиқди. Терговга қадар текширув жараёнида маълум бўлишича, моддалар Душанбе шаҳридан олиб келинган.

Ургут туманида яшовчи шахс бошқарувидаги “Gentra” автомашинаси “Самарқанд – Навоий” йўналишида ҳаракатланиб кетар экан, Нарпай туманида тўхтатилди. Юкхонадан Тожикистондан олиб келинган 981 грамм “героин” моддаси топилди.

“Андижон – Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган “ВАЗ 2106” автомашинаси Норин туманида тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди. Унда Андижон шаҳрида яшовчи 1979 ва 1986 йилларда туғилган ака-ука фуқаролардан 1 кг 833 грамм “гашиш” топилди. Қўшимча тезкор ҳаракатлар давомида улардан бирининг уйидан яна 1 кг 469 грамм “гашиш” моддаси чиқди. Маълум бўлишича, моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган. Ака-укалардан каттаси эса илгари ҳам наркотик савдоси учун судланган шахс бўлган.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро 3 кг 949 грамм “гашиш”ни 28 минг АҚШ долларига шартли харидорга сотиш пайтида қўлга олинди. Аниқланишича, у моддани аввалроқ тожикистонлик курьерлар томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида қолдириб кетилган хуфия жойдан олган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, улар “қамоқ” эҳтиёт чораси билан қамраб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?