Tourist Police: ҳар бир сайёҳ хотиржамлиги ва хавфсизлиги доимо эътиборда
Мамлакатимизда туризм соҳаси жадал ривожланиб, бу борада қўшимча хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқларига катта эҳтиёж туғилмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, Фарғона вилояти ИИБ таркибида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.

— Айни пайтда ходимларимиз сайёҳлар энг кўп тўпланадиган ва ташриф буюрадиган объектлар, тарихий-маданий обидалар, аэропорт, бозор ва меҳмонхоналарда патруллик хизмати ташкил этади, — дейди Фарғона вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Улуғбек Ниязов. — Асосий мақсад эса ушбу ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, сайёҳларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Бошқармамизнинг бошқа хизматлардан асосий фарқи шундаки, ходимларимиз нафақат жамоат тартибини сақлайди, балки сайёҳлар билан дўстона мулоқот ўрнатиб, уларга керакли ёрдам беради ҳамда сифатли хизмат кўрсатади.

Шу мақсадда барча ходимлар махсус тайёргарликдан ўтган бўлиб, бир неча хориж тиллари, биринчи навбатда, инглиз, турк, рус тилини жуда яхши билишади. Маданиятлараро мулоқот, хорижлик меҳмонларга ҳамроҳлик қилишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби кўникмаларни эгаллаган.
Бу борада аёл саёҳатчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам алоҳида эътиборда. Айни пайтда бошқармада аёл хизматчилар ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатишга ҳамиша тайёр. Сайёҳлар ўз жинси вакилига мурожаат қилишига эҳтиёжи бўлган нозик вазиятларда уларга ёрдам қўлини чўзишади.
Бундан ташқари, барча ходимлар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўқитилган. Эҳтиёж бўлганида сайёҳларни энг яқин тиббий муассасага мустақил равишда етказиб боргунга қадар талаб этиладиган соҳавий кўникмаларга эга.
Айтиш жоиз, ходимлар биргина жорий йилнинг ўзида Қўқонда бўлиб ўтган ҳунармандчилик фестивали, Риштонда ташкил этилган кулоллар форуми, Марғилондаги халқаро мақом фестивалида 24/7 режимида ишлашди. Шу кунларда бошқарма ходимлари Фарғона шаҳрида ташкил этилган Фарғона тинчлик форумида ҳам куну тун хизматда.

Фарғона кўчаларида Tourist police лисобидаги ходимларни кўрганда, ҳар бир сайёҳ ва меҳмоннинг кўнгли хотиржам бўлади. Айниқса, уларнинг тилида мулоқот қилишганда хорижий сайёҳлар бундан беҳад мамнун бўлиши аниқ.
— Ўтган ойда Қўқон шаҳрида ўтказилган халқаро ҳунармандчилик фестивалида ходимларимиз турли вазиятларда 30 нафардан зиёд хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатишди, — дея суҳбатимизни давом эттиради У. Ниязов. — Шу боис бу сайёҳлар ходимларимизга миннатдорлик билдириб, юртимизга яна келишга ваъда бериб кетишди.
Айтиш жоиз, ўтган йили Фарғона вилоятида 10 та халқаро, 15 та республика миқёсида, ҳаммаси бўлиб 65 та йирик тадбир ўтказилди. Бу йилги тадбирлар салмоғи янада юқори эканлиги эътиборга молик.
Шунингдек, жорий йилда вилоятда туризм йўналишида 125 та лойиҳани ишга тушириш орқали 3,5 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш мақсад қилинган.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг