Тошкентдаги шахмат мусобақасида 4 мезбон, 4 ҳиндистонлик, 2 эронлик шахматчилар «Президент кубоги» учун курашади

10:16 19 Ноябрь 2024 Спорт
298 0

2024 йилнинг 20-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри юқори даражадаги халқаро шахмат турнирга мезбонлик қилади. Турнирда 10 нафар истеъдодли шахматчилар иштирок этади. Уларнинг ўртача ФИДЕ рейтинги 2674.9 бўлиб, бу мусобақанинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини кўрсатади.

Турнирнинг энг юқори рейтингли ўйинчиси, Нодирбек Абдусатторов, 2777 рейтинг билан Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. У жаҳоннинг 6-рақамли шахматчиси ҳисобланади.

Парҳам Магсудлу, 2712 рейтинг билан, мусобақанинг иккинчи кучли иштирокчиси ҳисобланади. Эронлик гроссмейстер ўз мамлакатининг шахмат тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг мураккаб стратегик ўйинлари турнирнинг қизиқарли кечишига ҳисса қўшади.

Ўзбекистоннинг яна бир кучли шахматчиси Жавоҳир Синдоров 2682 рейтинг билан мусобақада иштирок этади. У ёшлигига қарамай, халқаро миқёсда кўплаб ғалабаларга эришган. Синдоровнинг мусобақадаги иштироки ёш шахматчилар учун илҳом манбаидир. Шунингдек, Ўзбекистон шарафини Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Ёқуббоевлар иштирок этади.

Ҳиндистонлик шахматчилар, жумладан Нихал Сарин (2676), Абҳиманю Пураник (2652) ва Мурали Картикейан (2625), мусобақага рақобатбардошлик қўшиши кутилмоқда. Уларнинг стратегик маҳоратлари ва янги авлод шахмат услублари мухлисларга қизиқарли томоша ҳадя этиши мумкин.

Қайд этилишича, мусобақа формати классик турда, ҳар бир шахматчи учун 90 дақиқа ва ҳар бир юриш учун 30 сония қўшилиб боради.

Аввалроқ, Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги турнирда муваффақиятсиз иштирок этгани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?