Тошкентдаги барча мозаикали турар-жой бинолари реклама баннерларидан тозаланади

13:13 09 Июнь 2024 Welcome to uzbekistan
1020 0

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳридаги турар жой биноларида тасвирланган барча мозаикалар реклама баннерларидан тозаланди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти ҳамда Маданий мерос агентлиги ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги турар-жой биноларида тасвирланган барча мозаикалар реклама қурилмаларидан озод этилган.

Қайд этилишича, пойтахтда кошинкор қадамаларни сақлаб қолиш ва уларни тўсиб турган реклама қурилмаларидан халос этиш дастури муваффақиятли амалга оширилган. Ҳаммаси бўлиб 70 дан ортиқ мозаика, улардан 40 дан зиёди апрель ойидан июннинг бошигача ташқи тўсиқлардан ҳоли қилинган. Энг сўнгги реклама баннери Беруний кўчаси, 2-уй биносидан ечилган.

«Биз кенг жамоатчиликка ўз миннатдорчилигимизни изҳор этиб, мозаикалар ҳақидаги маълумотларни mosaic@acdf.uz электрон почта манзилига юбориш мумкинлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

«Газета.uz»нинг Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига таяниб ёзишича, бошқарма 2021 йилдан буён мозаикаларни асраб-авайлаш муаммоси билан шуғулланиб келади. Кампания бошланишида мутахассислар ҳужжатларни тўплашган, мозаикаларни ўрганишган, илмий эксперт маслаҳатларини ўтказишган ва панноларни Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритишган.

Жорий йилнинг март ойи охирида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент шаҳри ва республика вилоятларидаги 157 га яқин мозаик панно монументал санъат ёдгорликлари сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Улардан 117 таси пойтахтда. Мозаикаларнинг аксарияти, рўйхатга кўра, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида жойлашган.

Ҳукумат қароридан сўнг, апрелдан июнгача Тошкентда 40 дан ортиқ паннолар рекламадан озод қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?