​Пойтахтимизда зўрлик ишлатишдан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатиш бўйича Республика маркази иш бошлади​

12:02 29 Август 2019 Жамият
2605 0

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази ва Тошкент шаҳар реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг тантанали очилиш маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Элмира Баситханова, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Жўраев, Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев ва бошқалар ушбу марказларнинг очилиши Ўзбекистон аёлларининг ҳуқуқларини таъмин этишнинг халқаро андозаларга мос бўлиши, уларни оғир руҳий ҳолатлардан олиб чиқиш орқали ҳаётга янгича назар билан қараши йўлидаги эзгу ҳаракатларга мос эканлигини қайд этдилар. Шунингдек, бу мамлакатимизда яқинда қабул қилинган 2 та муҳим ҳужжат: “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг илк амалий ижроси ҳам саналади.

Мазкур қонунларнинг қабул қилиниши жамиятда хотин-қизларга бўлган муносабатни янада яхшилашга, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни мустаҳкамлашга хизмат қилгани каби ушбу марказларнинг фаолияти ҳам аёлларга бўлган ҳуқуқий муносабатни янги босқичга кўтаришга ҳисса бўлиб қўшилиши алоҳида таъкидланди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3827-сонли қарорига мувофиқ бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Хусусан, қарорнинг 7-бандида марказлар босқичма-босқич ташкил этилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда республикамиз бўйича 191 марказ ўз фаолиятини олиб боряпти, шундан 167 та марказ ҳудудий адлия бошқармалари томонидан рўйхатдан ўтказилди.

Жорий йилнинг 7 ойи давомида бу каби марказларга жами 11 890 нафар хотин-қиз мурожаат қилган, шундан 1624 нафарига — тиббий ёрдам, 2998 нафарига — психологик ёрдам, 2222 нафарига — ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, бандлигини таъминлашга кўмаклашилганлар сони 1372 нафарни, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилганлар сони 1077 нафарни, яраштирилган оилалар сони эса 2597 нафарни ташкил этди.

Марказнинг асосий фаолияти хотин-қизларни муҳофаза қилиш, оилада, маиший ҳаётда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда жабр кўрган аёлларга тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат. Шунингдек, зўрлик ишлатишга мойил бўлган шахслар билан ишлаш, ота-оналарнинг ўз фарзандларига нисбатан маиший зўрлик ишлатиш ҳамда уларнинг асоциал хулқ-атворини аниқлаш, оилада зўрлик ишлатиш тазйиқига учраган болаларнинг реабилитациясини ташкил этиш, маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш ва бартараф қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби вазифалар ҳам Марказ фаолиятининг қирралари ҳисобланади.

Марказ фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, нодавлат ташкилотларнинг ислоҳотлар ривожидаги фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Хотин-қизлар қўмиталари томонидан аёлларнинг ижтимоий ва долзарб муаммоларини ҳал қилишга қаратилган лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондига тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилган.

Айни вақтга қадар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдим қилинган лойиҳа доирасида Республика марказига 25 миллион сўм ажратилди. Шунингдек, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари марказлари раҳбарлари томонидан лойиҳалар тақдим этилди.

Тантанали очилиш маросимида 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, юртимиздаги вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар, шунингдек, жамоатчилик вакиллари, ҳудудий марказларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?