Тошкентда «Жадидлар орзуси» спектаклининг премьераси бўлиб ўтди

23:14 17 Май 2024 Жамият
190 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифатга чорлаб, том маънода миллатни уйғотиш умидида яшаган жадид боболаримиз ҳаётига бағишланган “Жадидлар орзуси” спектакли саҳналаштирилди.

Бугун, 17 май куни Ўзбекистон Касаба уюшмаларида федерацияси саройида ушбу саҳна асарининг премьераси бўлиб ўтди. Унда пойтахтимиздаги Олий таълим муассасалари ректорлари, Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлар шунингдек, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, ёш тарғиботчилар иштирок этдилар.

Спектакль намойиши аввалида давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида билдирган таклифи асосида жойлардаги Маънавият ва маърифат Кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча сифатида ташкил қилинган бешинчи “Маънавият сектори”нинг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, “Мен ҳарбий бўламан” китоби тақдимоти ҳам намойиш этилди. “Турон” кўрик-танлови иштирокчилари Маърифатпарвар жадидлар саҳна асарларидан парча ижро этишди.

“Z авлод”ни ўқув жараёнига жалб қилиш ва замонавий ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш ва улар билан ишлашнинг янги тамойиллари юзасидан “X, Y ва Z авлод” тақдимоти бўлиб ўтди. “Ўзбек миллий оиласи” кўргазмаси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари томонидан ишланган ЖАДИДЛАР портретлари йиғилганларга айниқса манзур бўлди.

Шундан сўнг кечанинг асосий тадбири «Жадидлар орзуси» спектакли бошланди. Саҳна асари Туркистонда бир неча мактаблар очилишига сабабчи бўлган, биринчи ўзбек драматурги Маҳмудхўжа Беҳбудий, ўзининг “Жамияти хайрия” фонди туфайли етим болаларни чет элларда ўқишига беминнат ҳисса қўшган Абдулла Авлоний ва миллий уйғониш ҳаракатининг яна бир намояндаси Абдулҳамид Чўлпон ҳаётига бағишланди.

Унда ўз даврида боболаримиз ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан ватан равнақи, юрт осойишталиги ва энг муҳими халқимиз эрк тушунчасини ҳис қилиши учун толиби илмлар сафи кенгайишида кўрсатган беҳисоб хизматлари тилга олинди.

Жадидларни эсларканмиз бу Самарқандда Беҳбудийдан ташқари Абдуқодир Шакурий, Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий, Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдулла Қодирий, Бухорода Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Фарғона водийсида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Обиджон Маҳмудов, Абдулҳамид Чўлпон, Исъҳоқхон Ибрат, Хивада Бобоохун Салимов, Полвонниёз ҳожи Юсупов номларини тилга олмасдан иложимиз йўқ. Туркистонда жадидчиликни ХИХ аср охири ХХ асрнинг бошларида зиёлиларнинг халқ орасида озодлик, демократия, маданий – маърифий ғояларини кенг тарғибот қилиш ва амалга оширишга қаратилган миллий тараққийпарварлик ҳаракати деб олсак, юқорида номи зикр қилинган инсонлар шу ҳаракат йўлбошиларидир.

Маълумки, Жадидларимиз сиёсий ишлар – ҳақ-ҳуқуқ, миллий давлат, ҳокимият масалалари билан мунтазам шуғулландилар. Айни пайтда мактаб-маориф ислоҳ қилина бошланди. Миллий матбуот йўлга қўйилди. Театр пайдо бўлди. Янги адабиёт шаклланди, бир сўз билан айтганда, янги тафаккур майдонга келди. Бу – миллатнинг ўзлигини англаш ва мустақиллик мафкураси эди. Бу ҳол, шубҳасиз, миллатнинг кейинги 3-4 асрлик тарихий тараққиётида мисли кўрилмаган ҳол эди.

Спектакль намойишидан кўзланган мақсад ҳам ҳар бир ватандошимиз қалбида жадид боболаримиздаги шиддатни уйғотиш, уларни миллат бирлиги ва тараққиёти йўлида ягона мақсад сари оғишмасдан якдилликда ҳаракат қилишга ундашдир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда эса, «Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий. Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир».

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?