Тошкентда юз берган ёнғин оқибатида икки киши ҳалок бўлди

10:22 01 Май 2025 Жамият
271 0

Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги технопарк ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, бугун, 1 май куни соат 07:01 да пойтахтнинг Яккасарой тумани Қўшбеги кўчасида жойлашган Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги синтепон ишлаб чиқариш цехида ёнғин рўй берганлиги тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра, ёнғин -қутқарув экипажлари соат 07:04 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин 07:45 да ўраб олинган ва соат 08:09 да ўчирилган.

Аланга бартараф этилгандан сўнг, воқеа жойини ўрганиш давомида икки нафар фуқаронинг жасади аниқланган. Шунингдек, 5 нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага юборилган.

«Ёнғин ишлаб чиқаришда технологик жараённи бузилиши натижасида юзага келганлиги тахмин қилинмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Билдирилишича, ёнғинни бартараф этишга 11 та асосий, 6 та махсус турдаги ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ФВБ бошлиғи ва туман ФВБ раҳбар ходимлари, ИИБ, ССБ ҳамда прокуратура масъул ходимлари чиққан.

Ҳодиса оқибатида цехнинг тахминан 700 кв.м майдонда — томи, шифти ва маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?