Тошкентда VI Ўзбекистон Гидлар форуми бўлиб ўтди

11:33 22 Февраль 2023 Маданият
569 0

Жорий йилнинг 21 февраль – Бутунжаҳон Гидлар куни Тошкентдаги «Radisson Blu Hotel, Tashkent» меҳмонхонасида VI Ўзбекистон Гидлар Форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос объектлари муаммоларини ўрганиш ва туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, Миллий ПР маркази ҳамкорлигида ташкил этилган форум «Экскурсия фаолияти: ҳамкорлик ва инновациялар» мавзусига бағишланди.

Форумда нутқ сўзлаган Маданият ва туризм вазири маслаҳатчиси Шавкат Ортиқов тадбирнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

«VI Ўзбекистон Гидлар форуми 250 дан ортиқ иштирокчи – давлат ва хусусий сектор вакиллари, профессионал гидлар, экскурсия етакчилари, кўп йиллик тажрибага эга таржимонлар, тажрибали йўриқчи – йўл бошловчилар, таниқли олимлар, шунингдек, халқаро экспертлар учун жонли мулоқот майдонига айланди, – деди Шавкат Ортиқов. – Форум қисқа муддатли бўлишига қарамай, барча қатнашчиларга қимматли билим ва тажриба алмашиш, республика туризм саноатининг муҳим йўналишларидан бири – экскурсия фаолиятини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ўз қарашларини билдириш, тақдим этиш имконини беришига ишонамиз».

Тадбирда онлайн тарзда қатнашган Бутунжаҳон Сайёҳлик Гидлар Ассоциациялари Федерацияси президенти Алушка Ритчи форум ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.

«Йил бошида ҳамкасблар билан учрашиб, улар билан фикр ва тажриба алмашиш жуда муҳим, чунки туризмнинг муҳим қисми бўлган гидлар фаолиятини биргаликда ҳаракат қилибгина янги даражага олиб чиқишимиз мумкин, – деди Ритчи. – Шубҳасиз, бугунги каби форумлар гидларни ўз устиларида янада кўпроқ ишлашга ундайди. Улар қандай камчиликлари борлиги, яна нималар қилишлари кераклиги борасида аниқ йўналиш олишади».

Ўз навбатида, Ҳиндистон Гидлар Федерацияси президенти Нарендра Сингҳ Ратҳур эса келгусида Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўзаро ҳамкорликда ана шундай тадбирлар ўтказиш режалаштирилганлигини қайд этди.

«Гидлар туризм саноатида катта роль ўйнайди, – деди Ратҳур. – Ўзбекистон гидлари билан 5 йилдан буён биргаликда ишлаб келяпмиз. 2019 йилда Ҳиндистон Гидлар Федерацияси шафелигида ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик гидлар иштирокида Тошкентда қўшма конференция ташкил этилганди, бу ўзига хос янгилик бўлган. Келажакда ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни давом эттирамиз».

Таъкидлаш лозимки, форумда маърузачилар республика иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризм ва меҳмондўстлик соҳасини янада ривожлантириш, профессионал гидлар ҳамжамиятини кўп тармоқли ва сифатли шакллантириш ва бошқа долзарб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Форум доирасида «Трансформация даврида экскурсияшунослик» мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтди. Шунингдек, «Замонавий таълим: гидлар учун янги таълим лойиҳалари», «Ўзбекистон гидлар уюшмаси: ютуқлар ва келажакдаги режалар», «Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси: туризмнинг фаол турларини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари», «Туроператор ва гид. Замонавий туризм ҳақиқатлари. Туроператорнинг гиддан кутганлари», «Вино туризми: янги экскурсия йўналиши», «Progressive Web App (PWA) - Туристлар учун инновацион мобил иловалар», «Гидлар учун замонавий профессионал ускуналар» каби мавзуларда маъруза ва тақдимотлар ҳам ўтказилди. Унда Маданий мерос объектлари муаммоларини ўрганиш ва туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директори Елена Голишева, Ўзбекистон гидлар уюшмаси раиси Наргиза Саломова, Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси раиси Леонид Козловский ва бошқа мутахассислар ўз маълумотлари ва тажрибалари билан бўлишди.

Ўзбекистон гидлар уюшмаси раиси Наргиза Саломова ўзбекистонлик гидларнинг бошқа мамлакат гидларидан фарқли жиҳатларини айтиб ўтди.

«Ўзбекистонда гидлар ўз устида кўпроқ ишлайди. Қолаверса, бизнинг гидларимизда ватанпарварлик ҳисси кучли, – деди Наргиза Саломова. –Таъкидлашим керакки, гидларимиз ҳар уч йилда малакавий имтиҳон топширишади. Агар синовдан ўта олмаса, кейинги уч йил ишлай олмайди. Чунки уларга гид сифатида ишлашга рухсат берилмайди. Натижада имтиҳондан ўта олмаган гид билимини оширишга ҳаракат қилади. Бу эса жуда муҳим, чунки гид Ўзбекистоннинг «юзи» ҳисобланади. У билимли, хушмуомала ва, албатта, яхши нотиқ бўлиши керак».

Қайд этиш жоизки, Форум доирасида «Китоб билан саёҳат» китоб ярмаркаси ташкил этилиб, унда иштирокчилар турли йўналишлар (тарих, археология, диншунослик, ихтисослаштирилган мавзулар ва бошқалар) бўйича бир қанча китоблар билан танишиш имконига эга бўлишди.

Бундан ташқари, тадбир давомида «Экскурсия имо-ишораларда» лойиҳаси иштирокчиларини гидлар жамоаси сафига тантанали қабул қилиш маросими ҳам ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти акс этган қатор муаллифлик тақдимотлари намойишлари ҳам бўлиб ўтди. Мазкур тақдимотлар юртимизнинг диққатга сазовор масканлари, миллий либослари, ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари ва бошқа муҳим жиҳатларини қамраб олди.

Форум якунида эса намунали хизмат кўрсатган гидлар қатор номинациялар бўйича тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер