Тошкентда сайёҳлик саноатидаги халқаро ярмаркадан Фоторепортаж

13:11 02 Декабрь 2022 Иқтисодиёт
454 0

Фото: Хасан Пайдоев / “Халқ сўзи”

30 ноябрь Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўз ишини бошлади. Бугун халқаро ярмакани сўнгги кунида дунёнинг 30 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ соҳа вакилларини ўзида жамлаган.

Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов тадбирни очиб, бугунги Ўзбекистон бутун дунё диққат марказида турганлиги, 2023 йилда БМТ Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда бўлиб ўтиши, бу тадбир мингдан зиёд хорижий меҳмонларни жалб қилишини таъкидлаб ўтди. — Ўзбекистонда туризм кундан-кунга ривож топмоқда. 2023 йилда Самарқанд шаҳри “Жаҳон туризм пойтахти”га айланади, 2024 йилда Хива шаҳри “Халқаро ислом маданияти маркази” деб эълон қилинади. Бу ташаббуслар мамлакатнинг бутун дунё олдидаги мавқеидан далолат беради”, - дейди Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов. — Иштирокчилар кўргазма доирасида ташкил этилган тақдимотлар ва кўргазмали чиқишлар орқали юртимизнинг туризм салоҳияти, халқимизнинг бетакрор маданияти билан танишади. Туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ хўжалиги, болалар, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот олишади.

Уч кун мобайнида, етакчи халқаро экспертлар билан форум ва сессиялар, миллий ошпазларнинг маҳорат дарслари, мамлакатимиз маданий меросини намойиш этувчи Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси ва ярмарка тарихида илк марта маҳаллий ва халқаро дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, жорий йилда ярмарка иштирокчилари ўртасида кўплаб В2В учрашувлари режалаштирилган.

Ярмарка доирасида ташкил этилган халқаро кўргазмада Франция, Япония, Малайзия, Таиланд, Корея, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг туризм маъмурияти жамоалари ўз миллий стендлари билан иштирок этмоқда. Форум доирасида «Медиа лойиҳалар – мамлакатнинг туристик ташриф қоғози», «Мамлакат сайёҳлигини ривожлантиришда давлатнинг ўрни», «Гастрономия – мамлакатнинг алоҳида идентификатори сифатида», «Ўзбекистонда туризмнинг ривожланаётган турлари», «Туризмда халқаро рақобат ва брендинг» мавзуларидаги шўъба секциялари ўтказилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси ҳам очилди ва унда мамлакатимиз маданий меросини намойиш этувчи халқаро ва миллий дизайнерлар иштирокида нафақат кийим-кечак, балки заргарлик буюмлари ҳам намойиш этилаяпти.

Ярмаркага туризм соҳасидаги таниқли мутахассислар таклиф этилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистоннинг хориждаги сайёҳлик бренди элчилари, «BBC World News», «Lonely Planet», Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия туризм ташкилотлари уюшмалари вакиллари, PR мутахассислари ва бошқалар бор.

Тошкент халқаро туристик ярмаркаси минтақада туризм саноатини қўллаб-қувватлаш ва сайёҳлик соҳасида халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштирадиган, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда туризм соҳасидаги энг ёрқин халқаро тадбирга айланди. Юксак даражадаги ушбу тадбирнинг юртимизда ўтказилиши бутун жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини Ўзбекистонга қаратгани табиий. Бу эса мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқимини ошириш имконини бериши шубҳасиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ярмарка 1995 йилдан буён ҳар йили БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинаётган сайёҳлик тадбири бўлиб, мазкур кўргазма ҳар йили бутун дунёдан сайёҳлик соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлаб, халқаро миқёсда ривожлантириши учун шароит яратади.

Сўз – ярмарка иштирокчиларига

Сергей Становкин, BBC World News хизматининг Евроосиёдаги тижорий хизмати раҳбари

— Менинг Ўзбекистон билан яқиндан танишганимга беш йил бўлди. Ярмаркани кузатиш асносида туризм иқтисодиётнинг энг муҳим, таъбир жоиз бўлса, даромад топадиган тармоқларидан бирига айланганига гувоҳ бўлдим. Туризм кўп жиҳатдан мамлакатнинг ташқи дунёдаги ижимини белгилайди, унинг юзи десак ҳам бўлади.

Агар сайёҳлар оқими кўпайса, юртга инвесторлар оқими ҳам кўпаяди. Билишимча, Ўзбекистон бу масаланинг уддасидан чиқаяпти. Бугун мамлакат нафақат пойтахт, балки обод гўшаларга айланган вилоятларга ҳам сайёҳларни қўрқмай жалб этаяпти. Натижада Ўзбекистон нафақат сайёҳлар, балки инвнесторлар ва журналистларнинг ҳам эътиборини тортадиган марказга айланди.

 Ярмарка доирасида иштирокчилар туризм соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, Буюк ипак йўлининг маданий, тарихий ва табиий меросини тарғиб қилиш, уни ривожлантиришда мустаҳкам алоқалар ўрнатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, ҳамкорлик режаларини муҳокама қилиб, манфаатли келишувларга эришмоқда.

Нор Шазли бин Азми, Туризм бўйича Малайзия делегацияси раҳбари

 —Яқинда биз Тошкент-Куала Лумпур йўналиши бўйича авиақатновларни йўлга қўйдик. Бу эса коронавирусдан кейинги даврда туризмни яна йўлга қўйиш имконини берди. Бугун Тошкентда очилган халқаро туризм ярмаркаси эса меҳмонларнинг Малайзия сайёҳлик салоҳияти, марказлари ва қадамжолари билан яқиндан таништиришга шароит яратди.

Малайзияликларни ҳам айниқса, Ўзбекистоннинг ислом оламида эъзозланадиган муқаддас зиёратгоҳлари қизиқтиради. Демак, Ўзбекистон билан зиёрат туризмини ривожлантириш устида иш олиб борсак, фойдадан ҳоли бўлмайди. Шунинг учун ярмарка давомида туристик компаниялар ва туроператорлар билан музокаралар олиб бориш ва ўзаро фойдали битимлар тузишга умид қилаяпмиз. Ярмаркада меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, суғурта компаниялари, транспорт-логистика тармоқлари, дам олиш масканлари вакиллари ўз хизматларини тақдим этмоқда. Ўзбекистоннинг меъморий обидалари акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандчилиги буюмлари биз, тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

          Сонг Сон Ёнг, Корея туризм ташкилотининг Алматидаги ваколатхонаси директори:

— Идорамиз Алматида жойлашганига қарамай, Марказий Осиёнинг бешта давлати, шу жумладан, Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорлик қиламиз. Биз ҳар йили Тошкентда ўтадиган халқаро ярмаркада иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Бу орқали минтақада туризм қандай ривожланаётганидан хабардор бўламиз, бошқа томондан туристларни Кореяга жалб этиш мақсадида сайёҳлик агентликлари билан алоқа ўрнатамиз.

Бу сафар эътиборимни тортган омил шунда бўлдики, Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, унинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминловчи стратегик тармоқ сифатида туризмни ривожлантиришга олдингидан кўра кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Мамлакатингизда виза тартибининг либераллаштирилиши, соҳада имтиёз ва преференциялар берилиши, ярмарка қатнашчилари сафининг кенгайиб бораётгани миллий туризм салоҳиятини халқаро миқёсда ҳам самарали тарғиб қилиш имконини бермоқда.

“Халқ сўзи”,
Фото: Хасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?