Тошкентда «Ўзбекистоннинг демократик ривожланишида фуқаролик жамиятининг ўрни: глобал чақириқлар ва истиқболлар» мавзусида халқаро конференция ўтказилди (+фоторепортаж)

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Бугун, 19 сентябрь куни Тошкентда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан «Ўзбекистоннинг демократик ривожланишида фуқаролик жамиятининг ўрни: глобал чақириқлар ва истиқболлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 15 сентябрь – «Халқаро демократия куни»га бағишланган мазкур анжуман БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), шунингдек, «Юксалиш» ҳаракати, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Тараққиёт стратегияси маркази ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.


Ушбу конференцияда Япония, Германия, Туркия, Швеция, Швейцария, Польша Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатлардан «ақл марказ»лари, тадқиқот институтлари, нодавлат ташкилотлари экспертлари ва Ўзбекистондаги давлат органлари, жамоат тузилмалари вакиллари ҳамда тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбир давомида кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича янгича тизим яратилгани ҳамда ушбу соҳани ислоҳ этишга, нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани таъкидланди.


Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида эркин фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилгани алоҳида эътироф этилди.


Унда фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ривожлантириш орқали уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш каби вазифалар давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолияти такомиллаштирилди, фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилгани қайд этилди.


Мазкур фармонда ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этишига оид вазифа ҳам ўз аксини топган.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтларига тегишли соҳа ва тармоқларда мавжуд муаммоларнинг таъсирчан ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклиф киритиш ҳуқуқи берилди.


2025 йил 21 август куни қабул қилинган қонун билан амалдаги 10 та қонунга ўзгартиришлар киритилиб, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва давлат ижтимоий буюртмаларини беришнинг янги механизмлари белгиланди. Шунингдек, ННТларнинг мажбуриятлари аниқлаштирилиб, ҳомийлик фаолияти тартиби такомиллаштирилди ҳамда давлат мансабдор шахсларининг ННТлар фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлик белгиланди.

Фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратига тегишли ташаббуси тўлиқ кафолатланиб, давлат органлари жамоатчилик назоратига оид якуний ҳужжатларини ўз вақтида кўриб чиқмаганлиги учун жавобгарлик белгилангани таъкидланди.


Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 30 мингга яқин фуқаролик жамияти институти фаолият юритмоқда ва уларда 150 мингдан ортиқ фуқаролар фаолият юритмоқда.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий муаммолар шароитида Ўзбекистон миллий, минтақавий ва глобал ҳамжиҳатлик, барқарорлик, бағрикенглик ва ўзаро манфаатли шериклик асосида умумдемократик тамойилларни кенг жорий қилмоқда.

Анжуман давомида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати, фуқаролик жамиятининг ижтимоий масъулияти каби соҳаларда давлатимизнинг тажрибаси ҳақида халқаро экспертларнинг фикрлари тингланди.

Халқаро конференция давомида Янги Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳасидаги тажрибаси Германия, Швейцария, Япония, Туркия ва Озарбайжон каби давлатлар тажрибаси билан қиёсланиб, глобал миқёсда демократик қадриятларни ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси соҳадаги илғор моделлардан бири сифатида эътироф этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг