Тошкентда олий таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида «Вазир кубоги» спорт мусобақаси бўлиб ўтди

13:57 10 Март 2025 Жамият
197 0

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент давлат Шарқшунослик университети ҳамкорлигида олий таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида «Вазир кубоги» спорт мусобақаси ташкил этилди. Мусобақада иштирокчилар мини-футбол, стол тенниси ва шахмат бўйича ўзаро куч синашди.

Тадбир доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ушбу қарор ва меморандум талаба-ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва олий таълим муассасаларида спорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳужжатлар спортни оммалаштириш бўйича янги стратегик ташаббус сифатида эътироф этилди.

Мусобақада олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этиб, жамоавий ҳамжиҳатлик ва спортга бўлган эътиборларини намоён қилишди. Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мусобақа доирасида иштирокчиларнинг юқори даражадаги ўзаро рақобати кузатилди. Ғолиб ва совриндорлар «Вазир кубоги» ҳамда медаллар билан тақдирланди. Бу спорт мусобақаси олий таълим муассасаларидаги жисмоний тарбия ва спорт ривожига янги туртки бўлиши кутилмоқда.

Ташкилотчилар тадбирнинг келгусида спорт соҳасидаги ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. «Вазир кубоги» мусобақаси олий таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида дўстона муҳит яратиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим қадам бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?