Тошкентда одам савдосига қарши кураш бўйича миллий ва халқаро тажриба муҳокама қилинди

13:23 29 Июль 2024 Жамият
239 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тошкентда “Одам савдосига қарши курашда ўттиз кунлик ҳамкорлик” ойлиги якунига бағишланган “Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар” мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия, Ички ишлар вазирлиги, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди. Унда Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Т. Нарбаева сўзга чиқиб, охирги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда, энг аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилгани, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Бунинг натижасида турли хавф-хатарларга, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш йўналишида сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилди, охирги 5 йилда ушбу йўналишда 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Конференция давомида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ролини кучайтириш ва жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича амалга оширилган ишлар иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда иштирок этган давлат органлари вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, экспертлар, шунингдек, хорижий дипломатик корпус вакиллари томонидан одам савдосига қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро тажрибани миллий амалиётга қўллаш, одам савдосига қарши курашиш бўйича инновацион ёндашувлар, ахборот технологияларидан фойдаланиш, қурбонларни аниқлаш ва уларга ёрдам бериш механизмлари муҳокама қилинди.

Конференция якунида иштирокчилар томонидан якуний ҳужжат — Коммюнике қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада келгусидаги устувор вазифалар бўйича бир қатор тавсиялар ўз ифодасини топди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?