Тошкентда ноқонуний ҳужра, Фарғонада эса босмахона фош қилинди
Видеодан кадр
Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ноқонуний диний таълим бериш ҳамда қонунга хилоф равишда диний адабиётлар чоп этиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи 32 ёшли шахс пойтахтнинг Олмазор тумани «Жийдали» МФЙда вақтинча истиқомат қилаётган хонадонда 2025 йилнинг май ойидан буён 15 нафар болага ноқонуний равишда диний таълим бергани ва бунинг эвазига уларнинг ҳар биридан 150 доллардан пул олиб келгани аниқланган.
Маълум бўлишича, республиканинг турли ҳудудларидан келган, 2004-2014 йиллар оралиғида туғилган бу «илм изловчилар»нинг 11 нафари вояга етмаган бўлиб, улар орасида 3 йилдан буён мактабга бормаётган ўқувчи ҳам бор.
Худди шу маҳаллада ижарага олинган яна бир хонадонда ҳам Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган шахс жорий йилнинг июнь ойидан буён 10 нафар болага ноқонуний диний таълим бериб, эвазига ҳар биридан 100 доллар ҳамда егулик учун озиқ-овқат маҳсулотларини талаб қилган.
Ҳуқуқ тартибот органлари томонидан хонадонда текширувлар ўтказилиши эҳтимолини ҳисобга олиб, болаларни яшириш учун қўлбола ертўла қурдирган. Мазкур ертўла, яъни «қудуқ» темир қопқоқ билан ёпилиб, тош ва қум билан беркитилган. Бу билан болаларнинг ҳаёти хавф остига қолдирилган.
Ҳар икки ҳолат бўйича маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд ўтказилиб, ушбу шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) асосида жавобгарликка тортилган.
Юқоридаги шахслар ноқонуний диний таълим беришда махсус голограммага эга бўлмаган, норасмий шаклда чоп этилган мавзуга оид адабиётлар ва турли қўлёзмалардан фойдалангани ҳам аниқланган.
Шу ўринда бу каби адабиёт ва қўлёзмалар ўзи қаерда чоп этилмоқда? деган савол туғилади. Мазкур йўналишда Фарғона вилоятида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида диний мазмундаги шундай материаллар ноқонуний равишда тайёрлаб келингани фош бўлган.
Бувайда туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро яшаш хонадони ва ўзига тегишли умумий овқатланиш шохобчасида босмахона ташкил қилиб, диний мазмундаги китобларни чоп этиш билан шуғулланган. У мазкур китобларни Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги китоб дўконларига етказиб берган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида келгусида сотиш мақсадида тайёрлаб қўйилган 1210 дона китоб, 2000 дона ярим тайёр ҳолатга келтирилган босма маҳсулоти ҳамда 6 та чоп этиш дастгоҳлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Ушбу шахс 2024 йилнинг июль ойида муқаддам диний мазмундаги китобларни қонунга хилоф равишда чоп этгани учун жаримага тортилган бўлсада, яна ноқонуний ҳаракатларини давом эттирган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг