Тошкентда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

10:59 21 Июль 2025 Жамият
238 0

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳрида ижтимоий хизматлар ривожлантирилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимиз томонидан 2024 йил 13 июнда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида янги ижтимоий хизматлар тизими жорий этилмоқда. Хусусан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб республикада 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилмоқда. Ушбу хизмат болаларга ижтимоий, реабилитацион, педагогик ва бошқа зарур ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Бу ташаббус болаларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш билан бирга, уларни доимий парваришлашига тўғри келадиган ота-оналарга иш фаолиятини тиклаш ва даромад топиш имконини ҳам яратади.

Яшнобод туманида жойлашган “Wunderkind” хусусий боғчаси ана шундай муассасалардан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳамкорлик асосида ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда 7 нафар бола таълим ва парвариш билан қамраб олинган. Мирзо Улуғбек туманидаги 1-Кичик ҳажмли болалар уйида эса 9 нафар бола тарбияланмоқда, шундан 7 нафарида турли тиббий ташхислар (Даун синдроми, дисплазия, анемия, юрак нуқсонлари) мавжуд. Бу ердаги болаларнинг таълим ва тарбияси қуйидагича ташкил этилган: 3 нафар бола махсус боғчага, 3 нафар бола оммавий боғчага боради, қолган 3 нафар бола эса уй шароитида тарбияланмоқда. Бу жараёнда ҳар бир болага индивидуал ёндашув, меҳр ва ғамхўрлик асосида тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилган. Болаларнинг оила муҳитида улғайиши, оилавий қадриятлар асосида тарбия топиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Тарбиячилар болаларнинг индивидуал ривожланиш режалари ва интеграция дастурлари асосида иш олиб боришади.

— Анча йиллардан бери болаларга меҳр бағишлаш, уларга ҳақиқий оила муҳитини яратиш мақсадида яшардим, — дейди муассаса раҳбари Гўзал Аҳмедова. — Худди шундай оилавий болалар уйини очиш нияти билан кўп бора мурожаатлар билан чиққанман. Аммо олдин буни амалга ошириш анча мураккаб эди. Энди эса, қабул қилинаётган янги қарорлар, яратилаётган шарт-шароитлар ва қулай хизматлар бу ишни амалий воқеликка айлантиришимга туртки бўлди. “Инсон” марказига мурожаат қилганимда, менга ёрдам қўлини чўзган мутахассислар билан учрашдим. Улар барча ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий масалаларда тўлиқ йўл-йўриқ кўрсатишди. “Тутинаётган она” курсларини муваффақиятли тамомлаб, бу йўлда етарли билим ва тайёргарликка эга бўлдим. Ҳозирги кунда қўлимда 9 нафар бола бор — уларнинг ҳар бири алоҳида эътибор, меҳр ва парваришга муҳтож. Уларнинг айримлари турли тиббий ташхисларга эга, лекин мен уларни шунчаки бола деб эмас, ўзимнинг фарзандларим деб қабул қилганман. Уларга меҳр бағишлаш, соғлом ва бахтли ҳаёт сари етаклаш мен учун ҳаётимнинг энг асосий вазифасига айланган.

Мирзо Улуғбек туманидаги “Фаол ҳаёт” кундузги қатнов марказида эса ногиронлиги бўлган ва ўзга парваришига муҳтож фуқаролар барча шароитлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилган. Дастур доирасида 18 ёшдан катта бўлган, мустақил ҳаёт кечириш имконияти чекланган шахсларга ваучер асосида бепул ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Улар орасида уй шароитида парвариш, овқатланиш, гигиенада ёрдам, психологик кўмак ва тюторлик хизматлари мавжуд. Мазкур маскан 9 нафар фуқарога мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 7 нафар фуқарога хизмат кўрсатилмоқда. Бу ерда 5 нафар олий маълумотли, тажрибали мутахассис фаолият юритмоқда.

Шайхонтоҳур туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида эҳтиёжманд шахсларнинг 12 тоифасига 100 дан ортиқ турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Имкониятлар олами” марказида ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув, 3 ёшгача бўлган болалар учун эрта аралашув ва кундузги парвариш хизматлари кўрсатилмоқда. Ҳозирда бу ерда 80 нафардан ортиқ фуқаро ижтимоий реабилитация, психологик ва педагогик хизматлардан фойдаланмоқда. Марказда 12 нафар малакали мутахассис фаолият юритмоқда.

— Давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган давлат-хусусий шерикликдаги янги хизматларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Ситора Латипова. — Бу орқали ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эҳтиёжлари кафолатланмоқда. Жамиятда тенглик ва инсон қадрини мустаҳкамлаш, ҳар бир инсонга муносиб ҳаёт шароитини яратиш мақсадида барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий давлат тамойиллари устувор бўлиб, барча аҳоли қатламларига меҳр-шафқат ва ёрдамни яқинлаштиришга қаратилган бундай лойиҳалар жамиятда ижтимоий адолат ва инсон қадрини мустаҳкамлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?