Тошкентда маст эркак 13 ёшли болага тегажоғлик қилди

Фото: Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида автобуслардан бирида маст эркак ёш болага тегажоғлик қилгани, ҳайдовчи ҳолатга бепарволик қилиб ҳаракатни давом эттиргани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани маълумот берди.
Аниқланишича, ҳолат жорий йилнинг 4 февраль куни содир бўлган. Фуқаро Х.Ғ (1988 йилда туғилган эркак) маст ҳолда бўлиб, вояга етмаган, 2012 йилда туғилган У.И. исмли ўғил болага жинсий тегажоғлик ва боланинг шаънига зид бошқа ноқонуний ҳаракатлар қилган.
Омбудсманга кўра, ҳозирда болага нисбатан содир этилган бундай зўравонлик ҳолати бўйича Чилонзор тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилади.
Юқоридаги тасвирлардан кўриш мумкинки, қийин вазиятда қолган бола атрофдан инсоний кўмак кутган, у бир неча марта баланд овозда ёрдам ҳам сўраган, бироқ бу вақтда автобусда бепарво ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким бўлмаган. «Халқ сўзи» ҳайдовчининг бундай эътиборсизлиги, вазиятни жиддий баҳоламай ҳаракатни давом эттиргани юзасидан изоҳ олишга уринди, аммо бу бесамар кетди.
Воқеа содир бўлганидан роппа-роса 4 кун ўтганига қарамай Транспорт вазирлиги ҳам «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳам ҳеч қандай расмий муносабат бермади. Тўғри, одамнинг оласи ичида бўлади, деган гап бор. Ҳайдовчидан ким педофил, ким жиноятчи қотил эканини аввал аниқлаб, сўнгра автобусга миндиришни талаб қилиб бўлмайди, лекин у видеодаги болакай овозининг хавотирли титрашидан вазиятни фаҳмлаб олиши мумкин эди-ку.
Бу ҳолатдан кейин жамоат транспортидан доимий ва беминнат фойдаланадиган пойтахт аҳолиси автобусларда эркин юришга қўрқиб қолган бўлса ажаб эмас. Ота-оналар ҳам фарзандлари энди бехавотир мактабга бориб-кела олмаслиги, исталган вақтда уларнинг шаънига тажовуз бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, кўнгли ғаш тортаётгандир.
Шу боис вазиятни турлича ёритаётган ОАВ ва сукут сақлаётган тегишли ташкилотлардан кенг жамоатчилик кўнглидаги хавотирларга барҳам бериш учун керакли ишларни қилишини сўраб қоламиз.
Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг