Тошкентда “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми ўз ишини бошлади
10 сентябрь куни Тошкентда “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми ўз ишини бошлади.Тадбир 13 сентябрга қадар давом этади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда АҚШнинг “LYNC” нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ўтказилмоқда.
Форумда 15 мамлакатдан 50 нафарга яқин етакчи эксперт, диншунос, сиёсатчи ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда. Жумладан, ИҲТ, Жаҳон мусулмонлари лигаси АҚШ, Буюк Британия, Хитой, БАА, Саудия Арабистони каби давлатлардан вакиллар таклиф этилган. Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, БАА, Индонезия ва Марказий Осиё давлатлари каби 15 мамлакатдан 50 га яқин етакчи диншунослар, илоҳиётчилар, экспертлар ва расмий шахслар иштирок этмоқда.
Форумда динлараро мулоқот, бағрикенглик, виждон эркинлиги, диний камситишга қарши кураш, конфессиялараро ишончни мустаҳкамлаш, геосиёсий кескинлик кучаётган даврда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.

Форумда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсати, хусусан конфессиялараро ҳамжиҳатлик соҳасидаги ижобий тажрибаси алоҳида таъкидланди. Маълумки, мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элатлар, 16 диний конфессия вакиллари тинч-тотув яшамоқда. 2021 йилда мамлакат парламенти томонидан “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.айни пайтда Ўзбекистонда Конфессиялар ишлари бўйича Кенгаш фаолияти кенгаймоқда. Ислом таълим муассасалари, жумладан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаол ишламоқда.
Форум доирасида СМТИ ва “LYNC” ўртасида Меморандум имзолаш, 11–13 сентябрь кунлари Самарқандда сайёр тадбирлар, семинарлар ва амалий учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган. Форум якунида жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қабул қилинади. Унда диний озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, диний камситишга қарши курашиш, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб қилиш каби таклиф ва тавсиялар жамланади.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов, дунёнинг кўплаб нуқталарда диний низолар кучайиб бораётган бир пайтда, мазкур Форум турли динларга эътиқод қилувчи инсонларни ўзаро ҳурмат, виждон эркинлиги ва бағрикенглик маданиятини қарор топтириш йўлида бирлаштирадиган ноёб майдонга айланганини таъкидлади.
«Биз форумни айнан “Мулоқот” деб аташимиз рамзий маънога эга. Чунки декларациялар сўзлар кучга эга бўлганида ва ниятлар умумий йўналишга айланганида туғилади. Аммо бу йўл доимо ишончли мулоқотдан бошланади – ана шу мулоқотдан ташаббуслар, лойиҳалар ва ҳамкорликлар вужудга келади», – деди Э.Арипов.
Форумнинг очилишида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Юсуф Алдобей, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, LYNC ташкилоти вакили Крис Сайпл, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ва бошқалар сўзга чиқишди.

Таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги йилларда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Шунингдек, Ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар икки бараварга оширилди ҳамда қўшимча равишда 3 та олий ислом таълим муассасаси ташкил этилди.
Тадбир доирасида СМТИ ва АҚШнинг “Love Your Neighbor Community” нотижорат ташкилоти ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандум имзолади. Таъкидлаш жоизки, LYNC – 2017 йили АҚШда ташкил этилган. Давлат органлари, фуқаролик ташаббуслари ва диний жамоалар билан ҳамкорликда LYNC виждон эркинлиги, масъулиятли фуқаролик, ўзаро ишонч ва турли ижтимоий гуруҳлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган фаолият юритади. Ушбу ҳужжат дин эркинлиги ва диний бағрикенгликни илгари суриш борасидаги келгуси ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг