Тошкентда баҳайбат ит ёш болага ташланиб унга жароҳат етказди

15:33 17 Октябр 2024 Жамият
613 0

Фото: Видеодан кадр

Тошкент туманида онаси ва опаси билан кетаётган ёш болага баҳайбат ит ташланиб, унга жароҳат етказди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат 16 октябрь куни соат 07:35 ларда туманнинг Сабзавот маҳалласида содир бўлган.

Онаси ва опаси билан кетаётган ёш болага кутилмаганда катта ит ташланиб қолган. У болани йиқитиб, устига чиқиб олган ҳолда талай бошлаган. Онанинг эса уни ҳайдашга кучи етмаган. Шу пайтда йўлдан «Damas» автомобилида ўтиб кетаётган фуқаролар ёрдамга келиб, итни ҳайдаган ва болани қутқариб қолган.

Одамлар ҳайвонларига жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Бундай ҳолатлар жиддий оқибатларга олиб бориши мумкин. Кеча маҳалла профилактика инспекторига мурожаат қилганимда ит эгасига нисбатан фақатгина 370 минг сўм жарима қўллай олишини, бундан ортиғининг иложи йўқлигини билдирди, деган боланинг отаси.

Манбага кўра, боланинг жароҳатлари жиддий эмас.

Аммо шу ҳодисада жиддийроқ оқибат келтириб чиқарса нима бўларди? Афсуски, оқибати ҳар қанча жиддий бўлмасин итни эгаси ўша арзимас жарима билан қутулиб қолаверади, деб ёзади «Kun.uz».

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 110-моддаси (ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш) 2-қисмига кўра, аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш фуқароларнинг соғлиғига зарар етишига олиб келса, фуқароларга БҲМнинг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима қўлланилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?