Тошкент янги аэропорти пойтахт жанубида қурилади

Фото: Иллюстратив фото
Тошкент вилоятида барпо этилиши режалаштирилаётган янги халқаро аэропорт жойлашуви ва имкониятлари ҳақида расмий маълумотлар эълон қилинди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, янги аэропорт амалдаги Тошкент халқаро аэропортидан 17 километр жанубда, Тошкент–Самарқанд йўналишидаги мавжуд автомобиль йўли ва яқин келажакда барпо этиладиган пуллик автомагистралга яқин ҳудудда жойлашади.
«Янги халқаро аэропорт қурилиши учун танланган ер участкаси пойтахтдан жанубда, ҳозирги аэропортдан 17 километр узоқликда жойлашган. Бу ҳудуд мавжуд Тошкент–Самарқанд йўналиши бўйлаб, келгусида қурилиши режалаштирилган пуллик автомагистралга яқин жойлашуви билан ҳам қулай ҳисобланади», — деди Илҳом Маҳкамов.
«Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев таъкидлаганидек, ҳозирги Тошкент халқаро аэропорти йиллик 11 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. У соатига 17 та парвоз ва қўнишни амалга ошириши мумкин, шунингдек, перронда бир вақтнинг ўзида 70 тагача самолётни қабул қилиш имкониятига эга.
Унинг сўзларига кўра, 2030 йилгача мамлакат иқтисодиёти ўсиши фонида Тошкент аэропорти орқали ўтувчи йўловчи оқими 15 миллион кишига етиши мумкин. Ҳозирги аэропортни модернизация қилиш имконияти мавжуд бўлсада, у шаҳарнинг марказий қисмида жойлашгани ва кенгайтириш имкониятининг чеклангани боис, талабни тўлиқ қондира олмайди.
«Шу сабабли, 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган янги аэропорт қурилиши зарур бўлди. Мавжуд аэропорт шаҳарнинг марказига яқин жойлашгани сабабли транспорт тирбандликларини кучайтирмоқда. Бундан ташқари, учиш-қўниш йўлакларининг ҳолати ва шаҳарнинг зич қурилиши самолётларнинг эркин маневр қилиш имкониятини чеклаб қўймоқда», — дея таъкидлайди Жавлонбек Умархўжаев («Ўзбекистон 24» телеканалига берган изоҳида).
«Uzbekistan Airports» раҳбарининг маълум қилишича, Президент янги аэропорт қурилишини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Дастлабки босқичда аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатади, бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни қабул қила олади ва соатига 40 дан ортиқ парвоз ва қўнишларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Умрзаковнинг маълум қилишича, президент топшириғига асосан лойиҳа молиявий жиҳатдан яна бир бор чуқур кўриб чиқилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг