Тошкент вилоятини «Коррупциясиз ҳудуд»га айлантириш вазифалари белгиланди

16:30 29 Октябр 2021 Жамият
595 0

Иллюстратив фото

Нурафшонда Тошкент вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ҳуқуқ-тартибот идоралари, тегишли соҳа вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши раҳбари Даврон Ҳидоятов томонидан «коррупциясиз ҳудуд» тамойилини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан долзарб вазифалар муҳокама қилинди ва янги режалар илгари сурилди.

Қайд этилганидек, вилоятда кейинги йилларда бу иллатга қарши кескин муносабатда бўлиш чоралари кўрилмоқда. Бироқ ҳали давлат идоралари, ижтимоий соҳалар ва қурилиш индустрияси жабҳалари коррупциядан бутунлай холи, дейишга эрта. Бу борада, айниқса, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар кўламини кенгайтириш, ҳокимлик ва давлат идораларида ҳужжатлар айланмасини инсон омилисиз — рақамли хизмат кўрсатиш тизими орқали бошқариш, фуқароларда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш каби кечиктириб бўлмас вазифалар долзарб бўлиб турибди.

Тошкент вилоят прокуратурасининг тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалга оширган тадбирлари натижасида ҳудудда энг оғриқли жараён бўлган ер олди-соттисида илдиз отган порахўрлик иллатига жиддий зарба берилди. Қатор мансабдорлар, ҳокимлик ва идоралар раҳбарлари устидан жиноят ишлари қўзғатилди. Давлатга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ундириб олинди. Аҳолида коррупцияга қарши муросасизлик туйғусини кучайтириш, содир бўладиган жиноятчиликни олдини олишда маҳалла фаоллари ва ёшларни ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришини кучайтириш мақсадида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, тегишли соҳа мутахассислари, прокуратура ва ички ишлар идоралари вакиллари иштирокида маҳаллалар, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим-тарбия муассасаларида жами 1 минг 229 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

— Жорий йилнинг ўтган 9 ойида прокуратура идоралари томонидан жойларда коррупция ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 269 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди,-дейди Тошкент вилояти прокурори Салом Самадов. — Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 32 нафари соғлиқни сақлаш, 20 нафари ички ишлар, 27 нафари ҳокимлик, ер ресурслари ва кадастр хизмати, 12 нафари халқ таълими, 20 нафари мактабгача таълим, 46 нафар давлат бошқарув органлари, 21 нафари давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар, 208 нафари эса бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларидир.

Вилоят суди раиси Дилшод Таджибаев эса одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

— Коррупция билан боғлиқ жами 709 нафар шахсга нисбатан 372 та жиноят ишлари кўриб чиқилиб, 668 нафар шахсга нисбатан 349 та иш бўйича ҳукм чиқарилган, 41 нафар шахсга нисбатан 27 та иш тугатилган, — дейди Д. Таджибаев.- Бу иллатга берилиш ҳолатлари, айниқса, Бўстонлиқ, Зангиота, Тошкент ва Бекобод туманлари ҳамда Нурафшон, Олмалиқ, Чирчиқ шаҳарларида кўп содир этилгани кузатилди.

Коррупция жиноятлари давлат солиқ назорати, ички ишлар идораси ходимлари, ҳоким ўринбосари, вилоят молия бошқармаси, электр энергия ва ичимлик суви таъминоти корхонаси, ўрта-махсус, мактабгача таълим ташкилоти, фавқулодда вазиятлар бўлими, МФЙ мансабдор шахслари томонидан содир этилгани ачинарли ҳолдир.

Бундан ташқари одил судловни амалга оширишда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани ҳамда Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига риоя қилмагани сабабли 5 нафар судьяга «ҳайфсан», 1 нафар судьяга «жарима» интизомий жазо чоралари қўлланилди. 6 нафар судья ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан муддатидан илгари тугатилди.

Йиғилишда жамиятдаги бу иллатни батамом тугатиш борасида миллий қадриятларимизни янада юксалтиришнинг ўрни беқиёслиги таъкидланди. Шу боис ҳудудда, тегишли соҳа даражасида ихтисослаштирилган тадқиқотлар ўтказиш, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш, ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан бир қатор самарали таклифлар илгари сурилди. ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер