Тошкент вилоятида Наврўз катта тантана билан нишонланди — Фоторепортаж

14:24 21 Март 2025 Жамият
1002 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / «Халқ сўзи»

Тошкент вилоятида «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайли шаклида ташкил этилган Наврўз умумхалқ байрам тантаналари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Байрам доирасида катта сайл, майдон томошалари ўтказилди. Шунингдек, миллий таомлар фестивали, павильонлар ўртасида турли қизиқарли беллашувлар ташкил қилинди.

Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали байрам дастури доирасида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев барча ватандошларимизни табриклаб, нутқ сўзлади.

«Она диёримизга ўзининг файзли қадамлари билан халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрами – Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу улуғ айём – шарқона янги йилнинг бошланиши билан аввало, Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда вилоятимиз аҳлини чин қалбимдан, самимий муборакбод этаман!

Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз «Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!» деб ёзганларида Наврўзнинг ободлик, тинчлик-тотувлик, аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда яратувчанлик ва бунёдкорлик иштиёқини уйғотадиган энг гўзал ва жозибадор байрам эканини назарда тутган бўлсалар, ажабмас.

Бу йилги байрам «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остида бошланиб, барча шаҳар ва қишлоқларимизда кўтаринки руҳда давом этмоқда, унинг муборак Рамазон ойи билан бирга келиши эса файзи ва таровати, мазмун ва моҳиятини янада бойитмоқда», дейди вилоят раҳбари.

Байрам шукуҳи вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳаллаларида давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?