Тошкент вилоятида футбол стадиони қуриш учун дарахтлар кесиб ташланди

11:46 13 Август 2025 Жамият
335 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қибрай тумани «Ботаника» маҳалласида дарахтлар кесилаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Туман ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирган.

Қайд этилишича, дарахтлар ҳудудни ободонлаштириш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари иштирокида кесиб ташланган.

Мазкур маҳалла жорий йил «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 1-мавсумида «қаровсиз бўлган жами майдони 34 сотих ер майдонини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда маҳалла ёшлари учун умумий майдони 800 квадрат метрни ташкил этадиган сунъий қопламали ёпиқ футбол майдонини қуриш лойиҳасини ютиб олган.

Лойиҳа доирасида 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига замонавий, ёпиқ футбол майдонини қуриш ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуд атрофини янада кўкаламзорлаштириш ҳамда сайр қилиш йўлакларни ташкил этиш мақсадида мазкур қаровсиз боғдаги қуриган ва парваришлаш имкони мавжуд бўлмаган 3 туп гилос ва 3 туп ўрик дарахтлари ҳамда 1 дона сирень бутаси, жами 7 дона дарахт кесилган.

«Маҳаллада «Яшил боғ» ташкил этиш, аҳолининг мароқли дам олиши учун қулай ва экологик тоза ҳудуд яратиш мақсадида барпо этилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳада аҳоли вакилларининг таклиф ва тавсиялари ҳам инобатга олинган», дейилади расмий муносабатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?