Тошкент вилоятида 190 та эҳтиёжманд оилага қуёш панеллари ўрнатиб берилди

17:27 26 Июнь 2023 Жамият
561 0

Фото: «Халқ сўзи»

“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент вилояти бўлими томонидан ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу кеча кундузда вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларида “темир дафтар”га киритилган фуқаролар истиқомат қилувчи 190 та эҳтиёжманд хонадонга қайта тикланувчи энергия манбаси қурилмаси —қуёш панеллари ўрнатиб берилди.

— Аҳолини доимий электр энергияси билан таъминлашдаги узилишларни олдини олувчи бу мослама ҳар томонлама қулай экан, —дейди Чиноз туманидаги “Соҳибкор” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Аваз Қўшаев. — Айниқса, бугунгидек улуғ айём кунларида рўзғоримизга дастёр киргандек бўлиб қолди. Бу беминнат электр манбаси ҳар бир оилада маиший техника билан боғлиқ юмушни бажаришда қўл келяпти.

Шу туманнинг “Аҳиллик” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Шоира Аҳмедова ҳам қуёш панеллари афзалликлари ҳақида айтиб ўтди.

— Давлатимиз раҳбари бошлаган бу хайрли ишда одамларга мана шунча енгилликлар бор экан, — дейди у. —Куннинг ёруғ ва қуёшсиз қисмида ҳам ишловчи бу қурилма кўпчиликка маъқул. Айниқса, электр токидан фойдаланганлик учун тўлов қилишга қийналаётган хонадонларга текинга ўрнатиб берилаётгани, яна 12 йиллик кафолати борлиги таҳсинга лойиқ.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Пискент туман бўлими жамоаси эса “Нуроний” жамғармаси ва 2-сектор вакиллари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайити муносабати билан бир қатор хайрия тадбирларини ўтказмоқда. Тегишли дафтарларда қайд этилган, ёлғиз яшовчи ёки боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бор фарзандлар тарбия қилаётган фуқаролар яшовчи хонадонларга боришиб, ҳайитлик совғалари ҳамда моддий ёрдамлар улашишмоқда.

— Ажру савоби улуғ кунларда моддий таъминотдан қийналганлар, муҳтожлар, етимлар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш бу жуда юксак инсоний фазилат. Қурбон ҳайитининг гўзал хислатларидан бири ҳам шундай, —дейди “Гулистон” маҳалласида яшовчи Шарофат Абдуқодирова.

Бундай меҳр-мурувват тадбирлари вилоятнинг барча туманларида тегишли сектор вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?