Тошкент ва Самарқанд шаҳрида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида Халқаро конгресс бўлиб ўтади

17:05 23 Август 2024 Сиёсат
410 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанддаги Silk Road Samarkand туристик марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида «Буюк аждодлар мероси - III Ренессанс пойдевори» VIII Халқаро Конгресси мавзусида тадбир бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, ERIELL GROUP нефть-сервис компанияси ташкилий ва молиявий кўмагида, шунингдек, ТУРКСОЙ, ИРСИКА, «Ал-Фуркон» жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилади.

VIII Конгрессдаги асосий мавзулардан бири Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий музейларининг контенти бўлади. Бу қарор жорий йил июлида Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган «Буюк аждодлар мероси - ІІІ Ренессанс пойдевори» форуми давомида 600 нафар маҳаллий олимлар иштирокида қабул қилинган эди.

Конгрессда 35 га давлатдан 300 га яқин дунёга машҳур олимлар иштирок этади. Улар орасида 180 нафар хорижий ва 110 нафар ўзбек мутахассислари, жумладан, 15 академик, 40 профессор ва доцентлар, 103 фан доктори, 54 музей ва кутубхона директорлари, 5 та университет ректори, 5 та ноширлик уйи директорлари, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ГУРКСОЙ, «Ал-Фуркон» жамғармаси раҳбарлари, Халкаро Турк академияси. Араб давлатлари Лигаси ва бошка халкаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Шунингдек, CNN, Euronews, «Россия-Культура», «Мир», «Россия-24» ва Марказий Осиё давлатлари телеканаллари каби 20 та хорижий ОАВ журналистлари таклиф килинган.

Конгресс очилиши олдидан 23 август куни Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ташкил этилди ва қурилиш ишларининг бориши ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди. «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди ва лойиҳалар кўргазмаси ҳамда марказнинг кўргазма макети билан танишув бўлиб ўтди.

Тушдан кейин иштирокчилар Самаркандга етиб борди ва уларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?